«КЎЗМУНЧОҒИМ»ДАН ПРЕЗИДЕНТ МАКТАБИГА ИЛК ҚАДАМ

Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Насибахон Собирова куюнчак, жонсарак депутатлардан. У раҳбарлик қилаётган 2-мактаб тумандаги намунали масканлардан ҳисобланади. Таълим-тарбия, ёшлар камолоти учун бутун куч-ғайрати, билими ва тажрибасини сарфлаб меҳнат қилаётган депутат яна бир хайрли ишга қўл урди. Ўзи истиқомат қилаётган ҳудудда аҳоли талаб-истагидан келиб чиқиб, «Кўзмунчоғим» нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил этди.

-Бундан кўзланган асосий мақсад,- дейди Насибахон Собирова,-ҳар томонлама билимли, зукко ёшларни тарбиялаш, янги ташкил қилинган Президент мактаби талабига жавоб берадиган, муносиб иқтидорли ўқувчиларни тайёрлаш. Бу, албатта, бир йилдаёқ ўз самарасини бермайди. Биз буни ўзимизга белгилаб олган беш йиллик дастур асосида босқичма-босқич амалга оширамиз. Бунинг учун малакали кадрлар, шарт-шароитлар етарли.

Дарҳақиқат, мўъжазгина муассаса 40 ўринли бўлиб, бу ерда тарбияланиш учун яна навбатда турганлар анча. Муассасада  асосан 5-6 ёшли болалар тарбияланаётган бўлиб, уларга математика, нутқ ўстириш, атрофимиздаги олам, рус, инглиз тиллари, спорт машғулотлари қўшимча тарзда ўтиб борилмоқда. Бу борада 2-мактаб билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Келгусида ҳам муассаса тарбияланувчилари 2-мактабга қабул қилинадилар.

Айни вақтда муассасада Мавлуда Султонова, Гавҳар Раҳимова, Саодат Ҳусанова, Наргиза Ортиқова каби тарбиячи, ёрдамчи тарбиячилар кичкинтойларга таълим-тарбия бериб, ёзги соғломлаштириш мавсумини кўнгилдагидек ўтказишмоқда. Ошпаз Матлуба Эшимова мазали таомлар тайёрлаб бермоқда.

Бугун бошланган хайрли иш, албатта, бир кун келиб ўз самарасини кўрсатиши, шубҳасиз. Бу каби муассасалар эса уйчилик иқтидорли ёшларни кашф этишда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Муҳаммадали ҚАМБАРОВ.

Суратларда: муассаса ҳаётидан лавҳалар.