МАДАНИЯТ МАРКАЗИ САНЪАТ КОШОНАСИГА АЙЛАНМОҚДА
Мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёзган «Обод марказ» дастури сабаб ҳудудлар мутлақо янгича кўриниш касб этиб, дилларга хушнудлик, кўзларга қувонч улашмоқда. Ушбу бунёдкорлик ишларининг туманимиз марказида ҳам улкан масштабда давом эттирилаётгани ҳар бир ҳамюртимиз қалбини ғурур, ифтихорга тўлдиради.
Туман маданият марказининг барпо этилганига 40 йилдан ошди. Шу пайтгача мукаммал таъмирланмаган марказ биноси, ундаги жиҳозлар бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермай келаётганди. Дастур доирасида марказнинг мутлақо янгича кўринишга келтирилиши учун 4 млрд. 202 млн. 834,1 минг сўм маблағ ажратилди. Рустамжон Холмирзаев раҳбарлигидаги «Шайдуллохон қурилиш пардоз» МЧЖ қурувчи ва пардозчилари бугунга келиб режадаги ишларнинг 80 фоизини адо этдилар. Бино дизайнига ўзгартириш киритилиб, асосий олд фасад Уйчи – Чортоқ йўналиши тарафга ўзгартирилди. Иккала қават эшик ва ромлари энг замонавий пластик ва аллюминлиларига алмаштирилди. Фойеда иш қизғин. Девор тўла гипсокартон билан қопланиб, шифтдаги чироқлар замонавий ёриткичлар билан таъминланди. Залга кираверишда гардероб ташкил қилинмоқда. 400 ўринли залнинг қиёфаси мутлақо ўзгаради. Аввалги қоронғу саҳна бир қанча ноқулайликлар туғдирарди. Эндиликда бу жой ўзгача фусункорлик ва савлати билан бор эътиборингизни тортиши аниқ.
Марказ директори Эльмира Джанбекова билан иккинчи қаватга кўтарилдик.
-Костюмер-либосчи, хореограф, тўгараклар хоналари, 50 ўринли кутубхона – барчаси қайтадан таъмирланиб, жиҳозланади, душ, ванна, санузел, интернет тизими билан таъминланади, -дейди Эльмира опа биз билан суҳбатда. -Бу ходимларимизга янги марраларни забт этиш, кўплаб иқтидор эгаларини кашф қилишда имкониятлар эшигини очади.
Бунга асло шубҳа йўқ. Марказ қошидаги «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли ҳамда «Уйчи тонги» фольклор халқ ҳаваскорлик жамоаси учун ажратилган хонани кузатган киши бунга ўзи амин бўлади. Ансамбль учун ажратилган махсус хона ёнида янги ташкил этилаётган овоз ёзиш студиясида эндиликда бир вақтнинг ўзида 8-10 хонанданинг овозини ёзиб олиш имконияти ҳам пайдо бўлади.
Хуллас, марказ биносидаги бунёдкорлик ишларидан таассуротлар оғушига кўмилдик. Бунда қўли-қўлига тегмай, тер тўкиб меҳнат қилаётган МЧЖ ишчи-ходимларининг ҳиссаси катта. Айниқса, иш юритувчи Ҳамидулло Турсунов, ишчилар Илҳомжон Ҳамидов, Расулжон Хўжамов, Азимжон Йўлдошев, Ёқубжон Каримов, Дилшод Юсуповлар ҳар жабҳада ҳамкасбларига ўрнак бўлмоқдалар.
Абдулҳаким НИШОНОВ.

