ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ВА ТАБИИЙ ГАЗ ТАРИФЛАРИНИ ОПТИМАЛЛАШТИРИШ
Мамлакатимиз аҳолиси турмушида электр энергияси ва табиий газнинг аҳамияти чексизлиги боис шаҳар ва қишлоқларни бу беминнат неъматлар билан узлуксиз таъминлаш устувор вазифа ҳисобланади.
Бугунги кунда 1 кВт/соат электр энергиясини ишлаб чиқариш учун 450 сўм сарфлангани ҳолда, уни аҳолига 250 сўмга етказиб берилмоқда. Бу эса соҳа жуда катта зарар билан ишлаётганини кўрсатмоқда.
Аҳоли сонининг ўсиб бориши, янги-янги корхоналар, турар жойлар, маданий-маиший объектлар қурилиши, маиший техникалар кўпаяётганлиги энергияга бўлган талабнинг муттасил ортиб боришига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, мавжуд электр тармоқлари, трансформатор пунктларининг 65 фоизи эскириб, талабга жавоб бермай қолганлиги ҳам муаммолар туғдирмоқда. Энергияни ишлаб чиқариш ва сотиш ўртасидаги тафовут чет эл инвестицияси киритилишига тўсқинлик қилмоқда. Бу ҳолат муқобил энергия ишлаб чиқариш объектлари қурилишига ҳам қизиқишни сусайтирмоқда.
Шу ўринда аҳоли эътиборига бошқа давлатлардаги аҳволни ҳавола этамиз. 1 кВт электр энергияси нархи Ўзбекистонда 250 сўм бўлгани ҳолда РФ.да-378,4 сўм, Молдовада-860 сўм, Қирғизистонда-350 сўм, Тожикистонда-380 сўм, Қозоғистонда-340 сўмни ташкил этади. Шунга кўра, электр энергияси тарифларини унчалик сезиларли бўлмаган даражада оптималлаштириш назарда тутилмоқда. 1 кВт/соат энергия учун 45 сўм қўшилмоқда ва 295 сўмни ташкил этмоқда. Бир оила бир ойда ўртача 150 кВт/соат энергия истеъмол қилса, қўшимча 6750 сўм маблағ кетади, яъни оила 37500 сўм ўрнига 44250 сўм тўлайди.
Бу аҳолига электр энергияси таъминотини барқарорлаштириш билан бирга, янги ишлаб чиқариш қувватлари барпо бўлишига, соҳанинг банкротлик ҳолатига тушиб қолмаслигига сабаб бўлади.
Табиий газ соҳасида ҳам қувурлар, асбоб-ускуналар эскирган. Эҳтиёж йилдан-йилга ортиқ бормоқда. Бугунги кунда 3,5 млн.дан ортиқ аҳоли хонадонлари (йиллик эҳтиёжи 10.0 млрд.куб метр) ва 84,0 мингдан ортиқ улгуржи истеъмолчилар (йиллик эҳтиёжи 30.0 млрд.куб метр) табиий газ билан таъминланмоқда. Бир йилда 150 мингта хонадон ва 20 мингдан ортиқ улгуржи истеъмолчи тармоққа қўшимча уланди.
Табиий газни қазиб чиқарувчи ва қайта ишловчи корхоналардан охирги истеъмолчиларга етказиб бериш бир куб метр учун 845 сўм бўлгани ҳолда 320 сўм миқдорида белгиланганлиги, яъни арзон сотилиши соҳа ривожига маблағлар ажратиш учун молиявий жиҳатдан барқарор эмаслиги, етарли маблағ ажратилмаслиги йиллар давомида муаммолар пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда.
Аҳолини ва иқтисодиёт тармоқларини етарли миқдорда табиий газ билан таъминлаш учун қазиб чиқарувчи корхоналар қувватини ошириш ва унга чет эл инвестицияларини жалб қилиш зарурати пайдо бўлмоқда. Бунинг учун тарифларни босқичма-босқич ошириш талаб қилинади.
Аҳолига сотилаётган 1000 куб метр газ нархи Украинада 100-120, Россияда 80-100, Белорусда 90-100, Қозоғистонда 80-90, Қирғизистонда 214, Ўзбекистонда эса 37,7 АҚШ дол-ларини ташкил этмоқда. Ана шу сабабларга кўра аҳолига бир куб метр газ нархини 320 сўмдан 380 сўмга ошириш таклиф қилинмоқда. Бу эса ҳар бир хонадон ёзда бир ойда истеъмол қилган 50 куб метр газ учун 3000 сўм, қиш мавсумида эса 60000 сўм ортишига олиб келади. Бу икки дона нон ёки икки баклашка ичимлик сувининг нархи демакдир.
Шу йил 5 июль куни селектор йиғилишида муҳтарам Президентимиз электр энергияси ва табиий газ тарифларини оптималлаштиришнинг мазмун-моҳиятини, мамлакатимиз иқтисодиёти ҳамда бу соҳалар тараққиётидаги аҳамиятини халқимизга чуқур ва атрофлича тушунтириш лозимлигини таъкидладилар. Шу мақсадда Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлими маҳаллалар, гузарлар, ташкилот ва муассасаларда кенг тарғибот ишларини ташкил этмоқда.
Ҳукуматимиз томонидан шу йил 1 августдан иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни 10 фоизга оширишга қарор қилинганини ҳисобга олсак, бу деярли сезилмайди.
Тоҳиржон ИСМАТИЛЛАЕВ,
Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси.

