ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ЗАҲМАТКАШЛАРИГА ЭҲТИРОМ
Жорий йилда туманимиз қишлоқ хўжалиги ходимлари ғаллачиликда юқори натижаларга эришдилар. Эндиги асосий вазифа етакчи тармоқ – пахтачиликда ҳам ютуқларни мустаҳкамлаш. Шу кунларда асосий эътибор ғўза парваришига қаратилган. Чеканкани сифатли якунлаш, тунги суғоришни намунали ташкил қилиш, кўсак қурти ва ўргимчакканага қарши курашиш каби юмушларни бажаришга масъулият билан ёндашиш талаб этилади.
Туман ИИБ бошлиғи Ғайрат Ғаниев раҳбарлигидаги 3-сектор ҳудудида жойлашган «Уйчи миришкор қаноти», «Уйчи Гулистон», «Уйчи мирзо Улуғбек» ММТПлари ҳудудидаги пахтачиликка ихтисослашган 45 та фермер хўжалигида барча агротехник тадбирлар маромида ўтказилишига эътибор қаратилмоқда. 20 июль куни Уйчи қишлоғидаги «Шаршара» масканига фидойилик билан меҳнат қилаётган фермер хўжаликлари раҳбарлари, сувчи ва механизаторлар, энтомологлар таклиф этилиб, уларга иззат-икром кўрсатилди.
Тадбирда Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Тоҳиржон Исматиллаев, туман ИИБ бошлиғи Ғайрат Ғаниевлар сўзга чиқиб, ризқ-рўз яратаётган деҳқонларга самимий миннатдорчилик билдирдилар ва пахтачиликда ҳам кўзланганидан зиёд ҳосил етиштириш учун туну кун ғўза парваришини кучайтириш зарурлигини таъкидладилар. Рағбат тариқасида сувчи ва механизаторларга иш ҳақларини нақд пулда топшириб, эндиликда ҳар беш кунда бериб борилишини айтиб ўтдилар.
Туман маданият бўлими қошидаги «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли хонандалари Комилжон Неъматов, Мавжуда Ҳамроевалар ижросидаги дилтортар қўшиқлар барчани рақсга ундади.
Худди шундай тадбир туман прокурори Улуғбек Номанов раҳбарлигидаги 2-сектор ҳудудида ҳам кўтаринки руҳда ташкил этилди. «Яккатут нурли замин» фермер хўжалиги дала шийпонидаги сўлим масканда уюштирилган тадбирда Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Тоҳиржон Исматиллаев, «Барногул зиё файз» фермер хўжалиги раҳбари Раънохон Қориевалар сўзга чиқишди. Сувчи ва механизаторларга иш ҳақлари тарқатилди. Тўкин дастурхон атрофида қишлоқ хўжалиги заҳматкашлари дилдан суҳбат қурдилар.
Хонандалар Сирожиддин Тўрабоев, Ривожиддин Шамсиддиновларнинг дилрабо куй-қўшиқлари йиғилганларга кўтаринки руҳ бағишлади.
Туман ҳокими, туман ДСИ бошлиғи раҳбарлигидаги 1,4-секторларда ҳам бундай тадбирлар бўлиб ўтди.

