БИР ҒОЯЛИ ИККИ ФИЛЬМ
Кишини турли хаёлот оламига етакловчи фантастиканинг маҳсули жуда кўп. Улар орасида кўпроқ қизиқиш ва тортишувларни келтириб чиқарадигани вақт машинасидир. Ушбу мавзунинг китобдан экранга кўчган варианти билан томошабин Леонид Гайдайнинг «Иван Васильевич касбини ўзгартиради» комедиясида яқиндан танишган. Инженер Тимофеев (Шурик) ихтиро қилган аппарат таъсирида ўтмишдаги Иван Грозний даврига замондошлар саёҳати, шоҳнинг эса бугунги кунга тушиб қолиши қизиқарли ва кулгига бой саҳналарда ёрқин намоён бўлган.
Орадан бироз вақт ўтиб, энди замонамизга келажакдан номаълум кишиларнинг ташрифи қандай юз бераркин, деган ғоя пайдо бўлди. Ёзувчи Кир Буличёв сценарийси остида болалар учун кўп серияли «Келажакдан келган меҳмон» бадиий фильми экран юзини кўрди.
Вақт машинасида келажакка тушиб қолган мактаб ўқувчиси Коля Герасимов коинотнинг сўнгги қароқчилари Крис ва Весельчак. У ўйлаган қабиҳлигига халал бериб, улар қўлга киритмоқчи бўлган янги кашфиёт – милафонни олиб қочади. Ўзи билан бугунги кунга қароқчиларни ва милафон эгаси Алиса Селезнёвани эргаштириб келади. Ана энди воқеалар ривожи, унинг якуни нафақат болалар, балки катта ёшдагиларни ҳам экран қаршисига «михлаб» қўйди.
Айнан ўша кезлари Голливудда «Терминатор» фильми экран юзини кўрди. Кинорежиссёр Жеймс Кемерон ўзи муаллифи бўлган ушбу картинада, воқеалар бирор марта экранда кўринмаган (овози янграмаган) қаҳрамон Жон Коннор атрофида ривожланади. Компьютер қурилмаларига қарши бош кўтарган инсониятнинг йўлбошчиси Жонни йўқ қилишнинг антиқа йўлини топган компьютер олами у ҳали туғилмасдан аввал унинг онаси Сара Коннорни ўлдириш учун қотил киборгни 1984 йилга юборади. Ўз навбатида Коннор онасини ҳимоя қилишга энг ишончли аскарини жўнатади. Сувда чўкмас, ўтда ёнмас терминаторга қарши туриш саҳналари ғоят зўр маҳорат билан тасвирланган. Қизиғи, икки хил сюжет, бир хил ғоя остида суратга олинган ушбу фильмларнинг яратилиши бир даврга тўғри келганида. Қўшма Штатлар ва собиқ Иттифоқ махсус хизматлари разведкаси зарур маълумотлар ташиш пайтида балки бу сценарий ҳам эътиборни тортган бўлиши эҳтимолдан холи эмас, албатта. Аммо ғоя бир пайтнинг ўзида бу икки буюк ижодкор тасаввур дунёсида пайдо бўлган, дейиш ҳақиқатга яқинроқ. Нима бўлгандаям, уларнинг саъй-ҳаракатлари билан кино олтин фондини тўлдирган ушбу картиналар авлоддан-авлодга кўчиб ўтиб, экрандан тушмай келмоқда. Фильмларнинг оммабоплигида актёрлар маҳорати алоҳида ўрин эгаллайди. Айниқса, қароқчилар ролини талқин этган Вячеслав Невинний, Михаил Кононовларга ҳеч қандай грим, юзни ўзгартириш шарт бўлмаган. Терминатор яратувчиси Арнольд Шварцнеггер эса алоҳида мавзу. Унинг бўртиб кетган мушаклари, совуқ нигоҳи томошабинни бундай қурилма ҳаётда ҳам мавжуд эканига ишонтириб юборади. Машҳур бодибилдер Арнольд Шварцнеггер фаолияти давомида бир-биридан бетакрор ажойиб ролларни талқин қилган. Аммо уни мухлислар «терминатор» деб аташдан чарчамайдилар.
Абдул ҲАКИМ.

