БУРЧ
Бурч – ахлоқшунослик категорияси. Инсоннинг виждон амри билан бажарадиган ахлоқий мажбурияти.
Табиатдаги жонзотлар авлоди (боласи) олдидаги бурчини жонини хатарга қўйиб бўлса-да, бажаради. Боласини оёққа турғазиб, учирма қилиб, тўдага қўшади. Боласини абгор қилиб, ташлаб кетган жонзотни кўрмаганман. Одамлар-чи? Боласидан воз кечади, сотиб юборади, ахлатхонага ташлаб кетади ва ҳатто… нобуд қилади!
Инсондан бошқа жонзотлар бурч ҳиссини англамайди, аммо бурчини бажараверади. От юкни тортаверади, сигир сутни бераверади, асалари болни йиғаверади, қурт ипакни ўрайверади… Инсон-чи? Бурчини бажариб, юксалаверади, бурчга хиёнат қилиб, инқирозга юз тутаверади.
Хоҳлаган чорраҳада светофор ишламаяпганда четдан туриб кузатинг: тўрт томондаги ҳайдовчиларнинг ҳуқуқи машинаси капоти устига чиқиб, ўзини пеш қилади. Уларнинг бурчи эса қаердадир сарсон-саргардон.
Тарози фақат савдода ишлатилмайди. Ҳуқуқ ва бурч учун ҳам тарози зарур. Ҳар инсон ҳуқуқи ва бурчини тарозига тенг қўйса, ҳар қандай мақсадига етади. Бурчини бажарадиганнинг ҳуқуқи ҳам таъминланади.
Ҳа, дарвоқе, барча буюк зотлар бурчларини ҳуқуқларидан юқори қўйганлар!
Қай бир раҳбар ёки ходим лавозим(вазифа)га тайинланар экан, лавозим йўриқномасидаги юмушларни муқаддас бурч деб, сидқидилдан адо этса, иши олға юради, юзи доим ёруғ бўлади, обрў-эътибор топади, мавқеи юксалаверади. Бурчига нисбатан масъулиятсизлик ёки хиёнат қилса, бари тескарисига кетади.
«Титаник» кемасини ҳалокатга олиб борган сабаблар кўп. Асосий сабаб бурчга лоқайдлик, масъулиятсизлик бўлган: кема юқорисида атрофни кузатиб борувчиларда дурбин бўлиши керак. Дурбинлар турадиган хона калити кичик бир хизматчининг чўнтагида бўлган. У кема йўлга чиқиш арафасида номаълум сабаб билан кемадан қолиб кетган, уни ҳеч ким пайқамаган. Дурбин йўқлиги боис кузатувчилар айсбергни узоқдан кўрмаган, яқиндан кўрганларида эса кеч бўлган эди. Кичкина калитга бўлган бурч масъулиятсизлиги аср фожиасини келтириб чиқарган.
Одатда, бурч туйғуси, масъулият ҳисси, виждон амри, эл-юртга муҳаббат давр қаҳрамонларини яратади. Жамият ҳаётининг ҳар бир даврида эл корига камарбаста, фидокор, Ватан амрига «лаббай», деб майдонга чиққан миллатдошларимиз бўлган. Улар бурчларини теран англаган, масъулиятни чуқур ҳис этган, эл манфаатини устун қўйган одамлар эди.
-Улар кимлар? -дейсизми, марҳамат!
Узоққа бормайлик, Шароф Рашидов тоталитар тузум исканжасида Ўзбекистонни 24 йил оқилона бошқарди, улкан бунёдкорликларни амалга оширди.
Ислом Каримов республикани исканжадан халос этди, Мустақиллик меъмори сифатида тарихда қолди. Юртга 27 йил одилона раҳбарлик қилди.
Туманимизнинг яқин ўтмишида Абдуфаттоҳ Эгамбердиев, Баҳриддин Олиғжонов, Набижон Абдуллаев, Абдуфаттоҳ Шерматов, Шарофатхон Дадабоева, Боймирза Холматов каби фидойи, элпарвар, ҳалол, одил инсонлар 10, 20, 30 йиллаб раҳбарлик лавозимида ишлаб, қонунни бузмай, бировга ёмонлик қилмай, нафсга эрк бермай, инсоний бурчларини шараф билан бажариб, эл ардоғида яшаб ўтдилар.
Булар бурчга садоқатнинг ёрқин намуналаридир.
Ишонч билдирилиб, масъул лавозимга қўйилса, дарров ўзгариб, нафсига эрк бериб, қонунни оёқости қилиб, кимларгадир жабр этиб, дарров оёғи ердан узилаётган, оиласи ва яқинларини хижолатга қўяётганлар юқоридаги инсонлардан ибрат олсалар, ҳалол ишлаб, халққа садоқат билан хизмат қилсалар, дуо олсалар, икки дунёлари обод бўлади-ку!
Ҳар қандай жамият ҳам бамисоли кема. «Кемага тушганнинг жони бир», -дейдилар. Кемадагилар бир ёқадан бош чиқарса, бурч ва масъулиятни баравар ҳис этса, ораларида масъулиятсизлар, манфаатпарастлар бўлмаса, кема дарғасига барча итоат этса, кема манзилга ҳалокатсиз етади.
Дарвоқе, «Титаник»да бурчини муқаддас билган, бурчга садоқат йўлида ўлимга тик боққан инсонлар ҳам бор эди. Кеманинг кекса дарғаси ва машшоқлар гуруҳи умрининг сўнгги сониясигача бурчларини шараф билан адо этганлар!
Фикрларимиздан аён бўладики, жонажон Ўзбекистонимиз буюклик сари юз тутган экан, унга эришиш учун, энг аввало, халқимизнинг ҳар бир вакили қалбида имон, инсоф, диёнат, Ватанга муҳаббат, ўтмишга ҳурмат, келажакка ишонч ва албатта, бурчга садоқат туйғуси жўш урмоғи лозим. Акс ҳолда улуғвор режаларимиз режалигича қолаверади.
Газетхонлар эслашларини хоҳлардим, дунёда конституциясиз, ҳибсхонасиз, тартиб посбонларисиз, ҳуқуқ-тартибот органларисиз рисолада яшаётган халқлар бор. Уларда бурч муқаддаслиги, имон саломатлиги, инсонийлик тамойиллари – асосий қонун!
Ўринбой МЎМИНОВ.

