ҚУРБОНЛИКНИНГ ҲИКМАТ ВА ФАЗИЛАТЛАРИ
«Қурбонлик» сўзи «қурбат», яъни яқинлашиш сўзидан олинган бўлиб, Аллоҳнинг раҳматига ноил бўлиш ва марҳаматига яқин бўлиш деган мазмун касб этади.
Аллоҳ Таоло учун ҳузуридаги энг яхши нарса – инсоннинг энг яхши кўрган нарсасидан қурбонлик қилиши қалбига ўзгача ҳузур-ҳаловат бахш этади.
Қурбонлик қилишнинг ортидан қўлга киритиладиган улкан ажру мукофот умиди кишининг фикру зикрини маълум муддатга бўлса-да, фоний дунёнинг ўткинчи моддаларидан узиб, боқий бойликларга кўз тикишга ундайди, қалбни бахиллик иллатидан тозалайди. Қурбонлик Аллоҳнинг шиорларини, у жорий этган диний маросимларни улуғлаш, ҳурматлаш демакдир. «Иш шудир: кимки Аллоҳнинг маросимларини улуғлар экан, бас, албатта, бу (ҳурмат) қалблардаги тақво туфайлидир». (Ҳаж сураси, 32-оят). Демак, қурбонлик қилиш қалблардаги тақво аломати экан. Зотан, қурбонликнинг гўштидан ҳам, қонидан ҳам Аллоҳга бирон-бир фойда йўқ, балки фақат ўзимиз учундир. Шунинг учун Расулуллоҳ (САВ) марҳамат қилиб айтдилар: «Одам боласи Наҳр кунида қон чиқаришдан ҳам кўра Аллоҳга маҳбуброқ бўлган бирон амални қилолмайди. Аллоҳ учун сўйилган жонлиқ қиёмат кунида шохлари, юнглари ва туёқлари билан келади. Қасамки, унинг қони ерга тўкилмасидан бурун Аллоҳ ҳузуридаги юксак мақомга тушади, унинг савоби Аллоҳ ҳузурида юксак ўринга ёзиб қўйилади (Валлоҳу аълам). Бас, қилаётган қурбонлигингиз билан шодланинг. Димоғингиз чоғ бўлсин» (Термизий ривояти).
Ҳанафий мазҳабига кўра, моли нисобга етган, сафарда бўлмаган мусулмон одам учун қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Қурбонлик вожиблигига Қуръони каримда келган «Кавсар» сурасининг 2-ояти далилдир: «Роббинг учун намоз ўқи ва жонлиқ сўй.» Шунингдек, Абу Ҳурайра (РА)дан ривоят қилинган ҳадисда ҳам: «Кимки имкони бўла туриб, қурбонлик қилмаса, бас, бизнинг намозгоҳимизга келмасин», -дейилган. (Имом Аҳмад ибн Можа ва Ҳаким Термизий ривоятлари).
Зокиржон ЮНУСОВ,
«Худойберди эшон» жоме масжиди имом ноиби.

