ҲАЖ САФАРИГА КУЗАТИЛДИ

Мустақиллик йилларида муқаддас Ҳаж ва Умра зиёратларига бориш учун кенг имкониятлар яратилди. Зиёратга борувчиларни кузатиш, соғ-саломат қайтгач, уларни кутиб олиш каби тадбирлар юксак даражада ташкил этилмоқда.

Ҳар йили минглаб юртдошларимиз Ҳаж ва Умра амалларини адо этиш шарафига муяссар бўлишмоқда. Улуғ ибодатни бажаришни ният қилган ватандошларимизга муборак сафарга эсон-омон бориб-келиши, ибодатларни барча рукнларга риоя қилган ҳолда мукаммал адо этиши учун зарур шароит яратилган.

30 июль куни муборак «Ҳаж – 2019» сафарини амалга ошириш истагида бўлган 55 нафар юртдошимиз Уйчи саноат, транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежидан Наманган аэропортига кузатилди.

Ҳаж зиёратига рўйхатга олиш жараёнлари алоҳида тамойил асосида амалга оширилди. Маҳаллада, эл-юрт ўртасида ҳурмат-эътибор қозонган, муқаддас динимиз арконларини тушунадиган, Ҳаж ўзи қандай ибодат эканини чуқур англаб етган фуқаролар суҳбат асосида танлаб олинди.

Наманган аэропортида йўловчилар учун барча шароит яратилган бўлиб, махсус ишчи гуруҳ зиёратга йўл олганлар рўйхатдан ўтиши, уларга божхона хизмат кўрсатилишида яқиндан ёрдам берди.

-Муқаддас амални бажариш, Маккаи Мукаррама, Мадинаи Мунавварада бўлиш, шу жойларда ибодат қилиш, эл-юртимизга тинчлик-фаровонлик, фарзандларимизга саломатлик тилаб, дуолар қилиш эзгу мақсадимиз эди, -дейди Ҳуррият МФЙда яшовчи зиёратчи Оминахон Умарбоева. -Аллоҳга минг шукрки, муқаддас зиёратгоҳларга йўл олдик. Буларнинг барчаси мамлакатимизнинг кундан-кун ривожланиб, мустақиллигимиз мустаҳкамланиб бораётганидандир. Бугун одамларнинг қалбида ғурур, қувонч, шукроналик мужассам. Давлатимиз раҳбари томонидан яратиб берилаётган мана шундай шароитлардан фойдаланиб, ҳеч бир қийинчиликсиз, иззат-ҳурмат билан Ҳаж сафарига юборилаётганимиздан беҳад шодмиз.