«ОВЧИБУЛОҚ»ДАГИ ШУКУҲЛИ КУН
Ўнҳаят шаҳарчасидаги Овчибулоқ маскани соя-салқин ва файзли гўшалардан. Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги олдидан мазкур масканда «Кексаларимизнинг фаровон ҳаёти учун масъулмиз» шиори остида ташкил этилган байрам тадбири ҳам ўзгача бўлди. Байрам дастурхони атрофида жамланган Машад, Қувурбоши, Ўнҳаят, Обод, Овчибулоқ, Истиқлол маҳаллаларидаги уч юзга яқин хотин-қиз, фахрий, пахтакорлар вакилларига эҳтиром кўрсатилди.
Бугунги кунда Жамила Режаббоева, Раъно Мамадалиева, Раҳима Жўраева, Ойшахон Умарова, Минаввар Асқарова каби фаол аёллар ҳар жабҳада ўрнак бўлиб келишмоқда. Шу куни Юртбошимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббус ижроси бўйича ҳам кўргазмалар ташкил қилинди. Айниқса, гулчи Ҳамида Жўраева, тикувчи, попопчи аёллар Азиза Бойдедаева, Марҳабо Акбарова ҳамда Рислиқхон Жўраева раҳбарлигидаги «Санам Уйчи» МЧЖ ҳунармандчилик маркази томонидан тақдим этилган кўргазмалар, 37-мактабгача таълим ташкилоти жажжиларининг чиқишлари барчага манзур бўлди.
Шодиёнани туман ҳокимининг ўринбосари Раънохон Назарова очди. Шундан сўнг туман прокурори Улуғбек Номонов, Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Тоҳиржон Исматиллаев, ФЎЎБОФМ бўйича вилоят кенгаши раисининг ўринбосари Шуҳратжон Кенжаевлар самимий тилаклар билдиришди.
Ёрқўрғон маданият маркази хонандалари ижросидаги қўшиқлар барчага хушнудлик бағишлади.
Ўзбекистон ХДП туман кенгаши, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлими, Республика маънавият ва маърифат кенгаши туман бўлими, туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази каби ташкилотлар ҳамкорлигидаги мазкур тадбир унинг иштирокчиларида унутилмас таассуротлар қолдирди.
Зулхумор КАРИМОВА,
туман Кенгаши депутати.

