СИМОБ – ЗАҲАРЛИ
Симоб моддаси ўта хавфли, заҳарли оғир металлар жумласига киради, суюқ ҳолда бўлади. Унинг буғланишидан ҳосил бўлган заҳарли модда инсонлар, ўсимликлар ва барча тирик организмлар ҳаёти учун ўта хавфли ҳисобланади.
Инсониятга қадимдан маълум бўлган бу кимёвий элемент ер юзида соф ва бирикма ҳолида учрайди. Мутахассисларнинг маълумотларига қараганда, бир йилда бутун дунёда ўртача 5 минг тонна симоб ишлаб чиқарилади ва ишлатилади.
Турмушда, асосан, ёритгич лампалар, тана ҳароратини ўлчовчи термометр ва танометр каби ас-боблардан фойдаланилади. Симобли лампалар яроқсиз ҳолга келгандан сўнг, таркибидаги симобнинг буғланиши натижасида атроф-муҳит ёки бино ичларида хона ҳавосини заҳарлайди.
Ҳар бир лампа таркибида унинг катта-кичиклигига қараб, ўртача 60-120 МГ.гача симоб моддаси бўлади. Битта синган люминицент лампадан ҳосил бўлган симоб буғлари 1000 м2 дан ортиқроқ майдонни узоқ муддат давомида заҳарлаб туриши мумкин.
Симоб билан заҳарланганда кишида сўлак безларининг ажралиши тезлашади, милклар қонайди, кейинчалик милкларда симоб сульфиднинг қорамтир чўкмаси ҳосил бўлади. Бундан ташқари, жағ ва нафас йўллари мушакларида тортишиш, ошқозон-ичак фаолиятининг бузилиши, қайт қилиш кузатилади. Юрак қуввати пасайиб, одам ҳушидан кетиши мумкин.
Республика ҳудудида экологик ҳолатни янада яхшилаш ва ишлатишга яроқсиз ҳолга келган симобли лампаларни ва бошқа шундай ускуналарни зарарсизлантириш бўйича махсус рухсатномаси бўлган ташкилотларга мурожаат қилиш зарур бўлади.
Симобли лампалар ва бошқа шунга ўхшаш таркибида симоб моддаси бўлган асбоб-ускуналарни чиқиндихоналарга ташламаслик ва синдирилишига асло йўл қўймаслик ҳар бир фуқаронинг бурчидир.
Араббой АЗИМОВ,
экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича туман инспекцияси бош мутахассиси,
Нозимжон ҲАМДАМОВ,
1-тоифали инспектор.

