ҲАР ЖАБҲАДА ФАОЛЛИК ЗАРУР

Туман ҳокимлигида ёшлар тарбияси ва уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, кўча-кўй ва транспорт воситаларида йўл қоидаларига қатъий амал қилиш, муомала маданиятини янада юксалтириш, тўй ва бошқа маросимларни тартибга солиш, ажримларнинг олдини олиш, никоҳ масаласи, томорқадан унумли фойдаланиш ва кўчаларни ободонлаштириш бўйича йиғилиш ўтказилди.
Йиғилиш туман ҳокимлиги, «Нуроний» жамғармаси туман бўлими, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлими, томонидан ташкиллаштирилди. Унда «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раиси И.Нажмиддинов, ФЎЎБОФМ бўйича вилоят кенгаши раиси ўринбосари Б.Дедабоев, вилоят фаолларидан Х.Аюбхонов, туман ҳокими М.Апақов ва тумандаги ташкилотлар раҳбарлари, МФЙлар раислари иштирок этдилар.
Туман ҳокими М.Апақов кун тартибидаги масалалар бўйича туманда олиб борилаётган ишлар, ютуқ ва камчиликлар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирди.
«Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раиси И.Нажмиддинов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги «Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4906-сонли Фармонининг мазмун-моҳияти, унинг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар, бу борадаги камчиликлар ҳақида батафсил айтиб ўтди. Шунингдек, МФЙлар раислари, уларнинг туман мутасадди ташкилотлари билан ҳамкорлиги, нуронийларга ғамхўрлик, саломатликларини муҳофаза этиш, аҳоли ўртасида осойишталикни сақлаш, ажралишларнинг туб сабабларини чуқур ўрганиш, ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш тўғрисида қимматли фикрлар билдирди.
-Ҳозирги даврнинг яна бир муаммоси – йўловчи ташувчи шахсий транспорт эгалари томонидан йўл қоидалари, йўловчи ташиш тартибларининг қўпол равишда бузилаётганлигидир, -деди И.Нажмиддинов ва бу муаммо юзасидан туман ЙҲХГ ва МФЙлар ўртасидаги ҳамкорлик бўйича мутасадди раҳбарлар ахборотини таҳлил қилди. Бу борада фахрийлар, кенг жамоатчилик вакиллари фаол бўлишлари зарурлигини таъкидлади.
Вилоятимиз фаолларидан Хорунхон ҳожи Аюбхонов ёшлар тарбияси муаммолари, оилалар нотинчлиги сабаблари, жиноятчиликнинг олдини олиш чоралари ҳақида мулоҳазалар билдирди.
Йиғилиш сўнгида туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига муносиб ҳисса қўшиб, пенсияга чиққан 20 нафар фахрийга гувоҳнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Вилоят ҳокими Х.Бозоров ташаббуси билан илк бор ташкил этилаётган «Устозларни йўқлаш куни» муносабати билан 8 нафар фаол устозга миннатдорчилик изҳор этилди ва совға-салом улашилди. Бир гуруҳ фаолларга ЎзХДП туман кенгаши, Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлимининг ташаккурномалари, совғалари топширилди.
Йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.