ҲАЁТДАН ЗАВҚЛАНИБ ЯШАМОҚ КЕРАК

Ҳозирги кунда гиёҳвандлик глобал муаммолардан биридир. Аср вабоси деб баҳоланаётган ва қанчадан-қанча инсонларнинг бахтига зомин бўлаётган «ажал» – гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишга одатланиш оқибатида ногирон, жисмоний ва ақлий нуқсони бор болалар дунёга келаётгани ҳақида ўйласак, янада сергак тортамиз.

Гиёҳвандлик воситалари етиштиришнинг камаймаётгани ва сайёрамиз бўйлаб шиддат билан тарқалаётгани келажаги учун қайғурадиган ҳар бир миллатни ташвишга солиши, шубҳасиз. Бугунги кунда дунёда «аср вабоси» деб аталаётган гиёҳвандлик исканжасига тушганларнинг аксарият қисми 15-35 ёш орасидаги йигит-қизлар бўлиб, айни пайтда уларнинг сони маълумотларга кўра, 200 миллионга етади. БМТ экспертлари ўтказган тадқиқотлар хулосаларига кўра, жаҳонда ҳар йили тахминан 100 минг гиёҳванд вафот этмоқда.

Гиёҳванд ота-оналардан туғилаётган майиб-мажруҳ болалар, бузилиб кетаётган оилалар, инсонийлик қиёфаси ва тафаккуридан айирилган кишилар ана шу иллатнинг нақадар даҳшатли эканлигини кўрсатмоқда.

Ахир кўз очиб юмгунча ўтадиган умрни шамолга совурмасдан, унинг ҳар бир лаҳзасидан оқилона фойдаланиш, турли унсурлардан лаззат қидириб эмас, ҳаётдан завқланиб яшаш одамни камолга етказади. Бу оддий ҳақиқат.

Ваҳобжон АСРАБОЕВ,

туман ИИБ ЖҚБнинг тезкор вакили, капитан.