ЕР УЧАСТКАЛАРИНИ ХУСУСИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ
Жорий йилнинг 13 август санасида Ўзбекистон Республикасининг «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди. Унинг мақсади қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. 6 та боб, 44 та моддадан иборат мазкур Қонун талабига кўра, ер участка-ларини хусусийлаштириш тартиб-тамойиллари, асосий принциплари аниқ кўрсатиб берилган. Шунингдек, ер участкаларини хусусийлаштириш объектлари қуйидагилар этиб белгиланди:
-юридик шахсларга мулк хусуси асосида тегишли бўлган ёки улар томонидан хусусийлаштирилаётган бинолар ва иншоотлар, ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектлари жойлашган ер участкалари, уларга туташ бўлган, ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун зарур ўлчамдаги ер участкалари;
-Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкалари;
-бўш турган ер участкалари;
-Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги урбанизацияни ривожлантириш жамғармасига берилган ер участкалари.
Бундан ташқари, тасдиқланган ва эълон қилинган режалаштириш схемалари бўлмаган ҳудудларда жойлашган ер участкалари, рўйхати қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланадиган, хусусийлаштирилмайдиган фойдали қазилмалар конлари, давлат мулкидаги стратегик объектлар жойлашган ер участкалари, табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреция мақсадлари ва тарихий-маданий мақсадлар учун мўлжалланган ерлар таркибига кирувчи ер участ-калари, шунингдек, ўрмон ва сув фондларининг, шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг умумий фойдаланишдаги ерлари, хавфли моддалар билан зарарланган ва биоген заҳарланишга дучор бўлган ер участкалари, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари иштирокчиларига берилган ер участкалари хусусийлаштирилмайдиган ер участкалари таркибига киритиладиган бўлди.
Ушбу Қонуннинг долзарблигидан келиб чиқиб, унинг мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламларига тушунтириш вазифаси бир қатор манфаатдор ташкилотлар зиммасига юклатилди.
С. ТЎХТАБОЕВ,
вилоят прокуратураси қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими бошлиғи,
У.НОМОНОВ,
туман прокурори.

