ИМКОН БЕРИЛДИ

Юртимизда суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, одил судловни қарор топтириш масалаларига давлат сиёсати даражасида аҳамият қаратилмоқда. Бу ҳам жамиятимизда адолат мезонларини жорий этиш ва мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.

Жорий йилнинг 24 апрель куни туманимиз ҳудудида содир этилган автотранспорт ҳодисаси юзасидан ўтган ҳафтада жиноят ишлари бўйича туман судининг Файзиобод МФЙдаги жабрланувчи М.А.нинг яшаш хонадонида сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди.

Суд мажлисида юқоридаги ҳолат атрофлича ўрганиб чиқилди. Б.А. бошқарувидаги «Кобалт» автомашинаси ҳайдовчи беэътиборлиги боис «ВАЗ-21011» автомобили билан тўқнашгани ва ундаги ҳайдовчи И.Б. ҳамда йўловчиларга шикаст етгани батафсил баён этилди.

Судланувчи Б.А. айбига тўла иқрорлик ва пушаймонлик билдирди. Жабрланувчиларга етказилган моддий, маънавий зарарни тўлиқ қоплаганлиги, уларнинг Б.А.га нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги ҳақида маълумот берди.

Жиноят ишлари бўйича туман суди раиси Ж.Мамуров раислигида ўтган судда юқоридагиларни эътиборга олиб, судланувчи Б.А.га нисбатан қўзғатилган жиноий иш Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисмига асосан тугатилди.

Ўз мухбиримиз.