МУҲТАРАМ ВА МУКАРРАМ ЗОТ
Замонамизда бўлган воқеа: бир муҳтарам, мукаррам ва камтарин устоз тоблари қочиб, беҳуш ҳолатда шифохонага тушиб қолибдилар. 2-3 кун кўз очмай ётиб, сал ўзларига келиб қарасалар, кроват ёнида, полга газета солиб, устида бир киши ётганмиш. Устоз томоқ қирибдилар. Киши даст ўрнидан турибди. Қарасалар, ётган киши лаёқатли, садоқатли шогирдлари, айни чоғда давлат арбоби экан. Устоз:
-Бўтам, бу не ҳол? -деб сўрасалар, арбоб:
-Устозим дард чекиб, беҳуш ётадилару мен юмшоқ тўшакда ётаманми? -деган экан. (Шифохона маъмурияти тайёрлаб берган кўрпа-тўшак бўш бўлган).
Мана, ўзбекнинг устоз-шогирд муносабатларидаги намунавий ҳолат.
Инсоният тарихининг ичкарисида – ибтидоий даврда устоз-ўргатувчи бўлмаганлиги боис одамзод қирқ минг йилдан зиёд тараққий этмай, умр кечирди. Қачонки, инсон ҳаётида ўқиш, ёзиш, илм, маърифат пайдо бўлди – ривожланиш бошланди. Шундан бошлаб жамиятда ўргатувчи устоз ва ўрганувчи шогирд муносабатлари давом этиб келади.
Устозлар қадимдан одамларга илму ҳунар ўргатганлиги, маънавий озуқа берганлиги, тарбия этганлиги, эзгу ишларга йўллаганлиги учун ҳам ғоят қадрланган, эъзозланган, номи ҳурмат билан тилга олинган, устозларни мазах қилувчи латифалар тўқилмаган. Устозлар ҳам шунга яраша ўзларини ғоят сипо, камтар тутганлар, эл кўзида ножўя ишлар қилмаганлар. Ёшларга илму ҳунар ўргатганлар, катталарга панду насиҳатлар қилганлар, одамлар орасини ислоҳ қилиш, адашганни тўғри йўлга солиш, можароларни бартараф этиш билан шуғулланганлар. Ишонч билан айтмоғимиз мумкинки, Жалолиддин Мангубердининг жасорати, Имом Бухорийнинг улуғлиги, Берунийнинг башорати, ибн Синонинг табобати, Амир Темурнинг адолати, Алишер Навоийнинг фасоҳати, Бобур Мирзонинг куч-қудрати муҳтарам устозлари туфайлидир.
Бизга, ҳозирги авлодга, ўтмишда бўлмаган дориломон кунлар, тинчлик, фароғат, мўл-кўлчилик насиб этди. Бизлар учун очилмаган имкониятлар эшиги қолмади. Бироқ, бунга ҳар доим ҳам шукрона айтмаяпмиз, бу кунлар қадрига тўлиқ ета олмаяпмиз. Ўтмишимиз буюк, келажагимиз буюк, деяпмиз. Бугунимиз-чи? Буюк бўла оляптими? Аждодларимиз қолдирган устоз-шогирдлик даражасига эришмоқдамизми? Устозларимиз устозликнинг ўзбе-кона жиҳатларини ўзларида мужассам эта олмоқдаларми?
Саволлар жавоби душворроқ. Давримизда китоб мутолааси, газета-журнал ўқиш масаласини машварат қилиб ўтирибмиз.
Президент, ҳукумат аҳоли учун, унинг гўзал ҳаёт кечириши учун барча шароитларни яратиб бермоқда. Айниқса, таълим соҳаси мутасаддилари учун ҳозирги шароит тарихда бўлмаган, десак, муболаға бўлмас. Бу ғамхўрликларга ҳалол илм эгаллаш, ўз касбининг фидойиси бўлиш, ўз фазилатлари ила шогирдларини ром этиш, замон билан ҳамнафас қадам ташлаш, мўътабар устоз рутбасини эгаллаш билан жавоб бермоқ ҳам фарз, ҳам қарз.
Вилоятимиз ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров ҳар ойнинг охирги пайшанбасини «Устозларни йўқлаш куни» деб белгилашни таклиф қилганлиги ҳам халқимизнинг устозларга эҳтиромининг ёрқин намунасидир. Ҳассос шоиримиз Эркин Воҳидов: «Буюк элга буюк даҳолар керак», -деган эди.
Муҳтарам ва мукаррам устозларимиздан халқимиз Ватан келажагини буюк этгувчи даҳоларни кутади.
Ўринбой МЎМИНОВ.

