АВЖ ОЛМАСИН
Мамлакатимизда одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш, ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 135-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилади, яъни 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш, 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўрсатилган. Ўша ҳаракатлар ўғирлаш, зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларини қўллаш орқали, икки ва ундан ортиқ шахсга нисбатан, ожиз аҳволдалиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан, айбдорга моддий жиҳатдан ёки бошқа жиҳатдан қарам бўлган шахсга нисбатан, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда жабрланувчини Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан олиб ўтган ҳолда ёки уни чет элда қонунга хилоф равишда ушлаб турган ҳолда, қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда, худди шунингдек, жабрланувчининг шахсий ҳужжатларини олиб қўйган, яширган, ёхуд йўқ қилиб юборган ҳолда, киши аъзоларини кесиб олиб, бошқа кишига кўчириш (трансплантат) мақсадида содир этилган бўлса, Жиноят Кодексининг 135-моддаси 2-қисми билан 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Ҳозирда турли чет давлатларга бориб ишлаётган ёшларимизни одам савдоси жиноятига аралашиб қолмаслик учун огоҳ бўлишлари, айниқса, катта пул эвазига қуллик домига тушиб қолмаслик учун қонунларни яхши ўрганиш, чет давлатларга чиқишда ноқонуний ишларга аралашмаслик, содир этилиши мумкин бўлган жиноятлар тўғрисида дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга хабар қилишлари лозим.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг Одам савдосига оид жиноятчиликни фуқаролар ўртасида яқиндан таништириб чиқиш яхши натижалар беради. Булардан шу нарса келиб чиқадики, бугунги кунда ҳуқуқий билим, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш долзарб аҳамият касб этиб, жиноятларнинг олдини олишга ҳисса қўшмоқда.
Т. РАДЖАБОВ,
фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг раиси,
Санобар ТЎРАБОЕВА,
Исломжон ҚОЗИЕВ,
судьялар.

