ЖИЙДАКАПАДА ШПРИЦ ЗАВОДИ ИШГА ТУШДИ

Баландариқ маҳалласи ҳудудида тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган «АХ MEDICAL FARM» МЧЖ қўшма корхонаси иш бошлади.

Қурилиш ишлари 2018 йил март ойида бошланган мазкур корхона ўз йўналишида ноёб лойиҳа ҳисобланади. Ишлаб чиқариш ҳажми жиҳатидан республикамизда Нукус шприц заводидан кейин иккинчи ўринда туради.

«Бунёдкор Махсудбек файз» фермер хўжалиги томонидан амалга оширилган ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 2 миллион 300 минг АҚШ доллари бўлиб, шундан 630 минг доллари хитойлик сармоядорларнинг тўғридан-тўғри инвестициясидир. Корхона тўла қувватда ишга тушиши билан юзга яқин маҳаллий ёшларнинг доимий бандлиги таъминланади.

25 август куни мазкур корхонани фойдаланишга топширишга бағишланган маросим бўлди. Унда вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров сўзга чиқиб, вилоятимизда импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқариш, бундай лойиҳаларни асосан туманларда амалга ошириш устувор йўналиш сифатида белгилаб олинганлигини ва фойдаланишга топширилаётган «АХ MEDICAL FARM» корхонаси ҳам ўз йўналишида ноёб лойиҳа эканлигини таъкидлади.

Шундан сўнг лойиҳанинг самарали амалга оширилишида яқиндан ёрдам берган хитойлик инвестор жаноб Зоу Шаохуа барчани Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги билан самимий табриклаб, ўзаро ҳамкорлик, яратилган шарт-шароитлар учун миннатдорчилик билдирди.

Меҳнат фахрийси Нормирза Раҳматов нуронийлар номидан сўз олиб, юртимизда, хусусан, туманларда ва чекка қишлоқларда саноатни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш борасида қилинаётган ишлар, истиқболли корхоналарнинг ишга туширилаётганидан беҳад мамнун эканликларини изҳор қилди.

Меҳмонлар ва фахрийлар иштирокида рамзий лента қирқилди. Тадбир иштирокчилари ишлаб чиқариш жараёни ва яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Маросим бир пиёла чой устида тўкин дастурхон атрофида давом этди. Фахрийларга алоҳида эҳтиром кўрсатилди, дуои фотиҳалар қилинди.

Туман маданият маркази «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли хонандалари маданий хизмат кўрсатдилар.

Маросимда туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов иштирок этди.