ИСЛОҲОТЛАР САМАРАСИ

Кейинги йилларда мамлакатимизда мактабгача таълим тизимига жуда катта эътибор қаратилди ва соҳада ислоҳотлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.

Буни туман мактабгача таълим бўлими ва туманимиздаги 85 та мактабгача таълим ташкилотида кейинги икки йил ичида амалга оширилган ишлар мисолида ҳам ёрқин кўришимиз мумкин.

Бугунги кунда туманимизда 43 та давлат, 40 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти, 1 та нодавлат, 1 та давлат хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритмоқда. Жорий йилда  Шафтоли, Чўртук маҳаллаларидаги фойдаланилмаётган эски масжид биноларида 50-100 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилоти  шакллантирилди. Январь ойидан бошлаб жами 8 та мактабгача таълим ташкилотида 9 соатлик қўшимча 16 та гуруҳ фаолияти ташкил этилди. Инвестиция дастурига асосан 5-, 20-, 35-сонли мактабгача таълим ташкилотларида 7 млрд. 728 млн. сўмлик қурилиш-монтаж ишлари якунланмоқда. «Обод марказ» давлат дастури асосида 10-сонли мактабгача таълим ташкилоти 1 млрд. 300 млн. сўм маблағ эвазига мукаммал таъмирланди.

«Обод қишлоқ» давлат дастурига асосан Ёркатайдаги 9-сонли мактабгача таълим ташкилоти, Деҳқонободдаги 24-сонли мактабгача таълим ташкилоти филиалига 5 млрд. 32 млн. сўм маблағ ажратилди.

13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби концертлар залида туман мактабгача таълим бўлими ходимларининг анъанавий август анжумани бўлди. Унда туман МТБ мудири Маҳбуба Абдуллаеванинг маърузаси эшитилди. Анжуманда туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов иштирок этди ва сўзга чиқди.

Мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари номидан Президентимиз номига йўлланган миннатдорчилик табрик телеграммаси ўқиб эшиттирилди. Жажжилар томонидан тақдим қилинган концерт дастури барчага хушнудлик бағишлади.

Соҳада намунали фаолият олиб бораётган фидойилардан бир гуруҳига туман ҳокимлигининг «Ташаккурнома»си ҳамда таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман кенгашининг эсдалик совғалари топширилди.