МЕҲР КЎРГУЗИНГ

«Меҳр» сўзи арабча бўлиб, «Қуёш» маъносини билдиради. Демак, меҳр илиқлик, тафт, ёруғлик демакдир. У инсонларнинг бир-бирларини севиб, эъзозлаб, ардоқлаб, эҳтиётлаб яшашлари учун ато этилган шаффоф туйғу бўлиб, қалбимизни макон этган.

Меҳр ота ва онани, фарзандларни, қариндошлар, қўшнилар, дўст-ёрлар,  жамоадошлар, юртдошлару миллатдошларни ўзаро  аҳил-иноқ бўлиб яшашларига хизмат қилувчи ришта вазифасини ўтайди.

Муқаддас китобларда  битилишича, Одам Ато ва Момо Ҳаво яратилганларида бир-бирларига  бепарво бўлишгани учун Аллоҳ улар қалбига меҳр туйғусини ато этган экан. Шундан бери одамлар бир-бирларига  меҳр боғлаб, севиб-севилиб, ҳурмат-эъзозда яшаб келадилар. Шу боис инсон  борки, меҳр бериб, меҳр кўриб, меҳрга ташна бўлиб ҳаёт кечиради.

Бу масалада бизким, ўзбеклар қадимдан пешқадам бўлганмиз. Миллий қадриятларимиз тарихига назар солсак, кўп ибратли удумлар кўринади. Халқ ҳаётида қўшничилик, қариндошлик, жамоадошлик борасида кўплаб  ёзилмаган, аммо барча баравар амал қилган урф-одатлар бор эдики, булар одамларни жипслаштирган, ҳаёт завқини орттирган, тинчлик-осойишталикни таъминлаган, ёшлар тарбиясига ғоят самарали таъсир этган. Чунончи:

-қўшнилар ўрталаридаги деворга эшикча ўрнатганлар. Ҳар куни  кирди-чиқди қилганлар, бир-бирларига таом узатганлар, яхши-ёмон кунларда ҳамнафас бўлишган;

-хонадонда нон ёпилса, қўшнига иссиқ ҳолда узатилган, хамирлари бўлса, қизиган тандир борлиги айтилган;

-ҳашар, томсувоқ, хокандазон, қовун сайли каби тадбирларда маҳалла, қишлоқ уюшиб, ҳаракат қилган, бундай тадбирлар одамларга жозиба бахш этган, руҳиятлар юксалган, ўзаро меҳр-оқибат барқарорлашган, элнинг оғири енгил бўлган, эҳсонлар қилинган;

-маҳалладаги ёки қариндошлардаги ногирон, етим-есир, ёлғизлар, кексалар, беморлар ҳолидан мунтазам хабардор бўлинган, йўқлаб турилган, моддий кўмак, эҳсон хуфя тарзда қилинган;

-етим гўдаклар асраб олинган, ўз боласидан гузора тарбия қилинган, меҳр кўрсатилган, вояга  етказиб, элга қўшилган;

-қариндошлар ёш болаларини етаклаб, навбат билан бир-бирлариникига олиб боришган, таништиришган, бир кеча  ётиб  келинган. Болалар ёшлигидан қариндошларини таниб борган. Кеч кузда қодир бўлганлар қўй сўйиб, қариндошларини тўплаб, «жизза эритди» баҳонасида юз кўришиб, ўзаро иззат-ҳурмат кўрсатишган.

Бугунимизда юқоридаги каби меҳр-оқибат удумларининг айримларига амал қиляпмиз, баъзилари унутилиб боряпти. Қайсиларидир хўжа кўрсинга қилиняпти. Бу борадаги қатъий тартиб йўқолиб кетяпти.

Унутмайликки, ўзбекона удумларимизни, турмуш тарзимизни, хулқу одобимизни  кўплаб хорижлик мутахассислар йиллар давомида ўрганиб, тадқиқ этиб, ўз юртларида татбиқ қилмоқдалар.

Шу боис бўлса  керак, вилоятимиз ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хайрулло Бозоровнинг ҳар ойнинг биринчи жумасини вилоятимизда «Меҳр-оқибат куни» деб белгилаш ташаббуси мамнуният билан қарши олинди.

Азиз ҳамюртлар! Кўнгил каъбасини покиза тутиб, уни Аллоҳ неъмати – меҳр-оқибат ила тўлдирсак, бу неъматни атрофдагиларимизга улашсак, изҳор этсак, умримиз сермазмун, турмушимиз завқли, топганимиз баракали, юртимиз тинч, обод, келажагимиз буюк бўлиб бораверади.

Меҳрни ҳар ким, ҳар куни, барчага  баравар кўрсатиши ғоят муҳимдир.

Зеро, шоир Огаҳий ёзганидек:

Эй, шоҳ, карам айлар чоғи тенг тут ямону яхшини-

Ким, меҳр нури тенг тушар вайрону обод устина.

Ўринбой МЎМИНОВ.