Уйчи мадҳи
Кўксимда «юрт-юрт»лаб ураркан юрак,
Меҳрим остонангга пояндоз бўлсин.
Қаддим баланд сен-ла, қадрим ҳам бешак,
Уйчим, мадҳинг куйлаб, дил нурга тўлсин.
Кулдиргичли қизлар кулар юзидан
Нур олган офтобинг нурланган замин.
Улуғ бобо, қутлуғ момо изидан
Тупроғинг зар бўлиб қолгани тайин.
Пилласи, пахтаси мўл-кўлим ўлкам,
Олтин бошоғингдан хирмон тоғ бўлсин.
Деҳқонинг, боғбонинг бўлмас сира кам,
Уйчим, мадҳинг куйлаб, дил нурга тўлсин.
Қад ростлаб турибди бинолар кўркам,
Гўзаллик қошида тиз чўккай само.
Гулларга бурканган диёр пойига
Ой ёғду таратиб, толмасин асло.
Обод кўчаларинг, равон йўлларинг,
Чиройинг, ривожинг абадий бўлсин.
Иймони бетимсол халқим дуода,
Уйчим, мадҳинг куйлаб, дил нурга тўлсин.
Малика БОЙХАНОВА.

