ФАРОВОН ҲАЁТ НАШИДАСИ

Мустақиллик туфайли эришган ютуқларимизга бир назар ташлар эканмиз, шукрона айтмоқлик биз учун фарздир. Мамлакатимизнинг қай бир гўшасига борманг,  янги барпо этилаётган иншоотлар,  замонавий  уй-жойлар, масканлар, таълим ва соғлиқни сақлаш бинолари қад кўтармоқда.  Ободлик  тушунчаси кенг қанот ёйиб, кўнгилдан оилага, сўнг маҳалла, қишлоққа, шаҳарга ва юртга ёйилади. Буларнинг барчаси тинч ва фаровон ҳаётимизнинг нашидасидир. Бугун бизнинг диёримизда инсонларнинг қадри баланд. Айниқса, аёлларга ва ёшларга бўлган эътибор тобора юксакларга кўтарилмоқда. Бундай эътиборни  фақат жаннатмакон Ўзбекистонимиздан топамиз. Ҳаётимизнинг кўрки ва юртимизнинг келажаги  бўлган хотин-қизлар мамлакатимизнинг ҳар бир жабҳасида фаоллик кўрсатиб келмоқдалар. Аёллари соғлом, оиласи тинч юртнинг  келажаги буюк ва мустаҳкам бўлади.

Ҳозирги кунда туманимизнинг қай бир манзилига борманг, қай бир маҳалласига қадам қўйманг, албатта, бир янгиликнинг, яшаришнинг гувоҳи бўласиз. Бу йилги Мустақилликнинг 28 йиллиги «Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!» шиори остида диёримиз бўйлаб ўзгача шоду хуррамлик ила нишонланаётгани нақадар улуғ инъом эканлигини яна бир бор намоён этмоқда. Барча юртдошларимизни диёримизнинг энг улуғ байрами билан муборакбод этиб, озод Ватанимизнинг фаровонлиги йўлида қилаётган меҳнатлари самараси доимо ижобат бўлишини тилаймиз.

Моҳира ХОЛМИРЗАЕВА,

маънавият тарғиботчиси.