ҚЎШ ТАНТАНА
Мактабимиз жамоаси учун янги ўқув йилининг бошланиши қўш тантанага айланмоқда. Боиси масканимиз «Обод қишлоқ» дастури асосида 3 млрд. 441 миллион сўм маблағ эвазига мукаммал таъмирдан чиқарилди. Қўшимча бинолар қурилди, сув, иситиш, электр тармоқлари янгиланди. Бунёдкорлик ишларини «Зилол сув қурилиш» МЧЖ (раҳбари Тоҳиржон Маматмусаев) қурувчилари белгиланган муддатларда бошлаб, сифатли якунладилар.
Бугун мактабимиз қиёфаси тамомила ўзгариб, чирой очган. Кўрган кишининг ҳаваси келади. Байрам бўсағасида она мактабимизни қурувчилардан қабул қилиб олдик. Бу катта шодиёнага айланди. Бизнинг қувончимизга туманимиз ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов, туман ҳокимининг ўринбосари Раънохон Назарова, таълим фидойиси Маъруфжон Йўлдошев, ТФМХКУ туман кенгаши раиси Мирзамаҳмуд Тўхтабоевлар ҳам шерик бўлиб, самимий тилаклар билдиришди.
Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Тоҳиржон Исматиллаев вилоятимизгагина хос бўлган «Устозларни йўқлаш куни» билан устоз Турғунбой Йўлдошев, қишлоқ хўжалиги фахрийси Маҳмудилла Юнусовларни табриклаб, ўз совғаларини топширди.
Мактабимиз директори, туман Кенгаши депутати Насибахон Собирова кўрсатилган эътибор ва ғамхўрликларга жавобан изланиб ишлашга, юқори натижаларга эришишга ваъда берди.
Бу шодиёна янги ўқув йили аввалида барчамизга хуш кайфият, куч-ғайрат бағишлади.
Наргиза РАҲМАТОВА,
Машҳура УБАЙДУЛЛАЕВА,
2-мактаб ўқитувчилари.

