ҲУРРИЯТ ТАНТАНАСИ
Ҳуррият, эркинлик барқ урган юрт тобора юксакларга кўтарилади, кўкларга бўй чўзиб, дунё нигоҳида кун сайин ўзгариб, мавжланиб бораверади. Бу она диёримиз мисолида яққол исботини топиб келмоқда.
«Обод марказ» давлат дастури доирасида олиб борилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари натижасида марказ кўрки мутлақо ўзгача қиёфа, фусункорлик касб этмоқда. Янги қад ростлаётган, капитал реконструкция ва таъмирдан чиққан муассасалар, ташкилот ва корхоналар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, офислар, аҳоли яшаш хонадонларини санаб, адоғига етолмайсиз.
Бир неча ўн йиллардан бери уйчиликлар учун бош оғриғи бўлиб келаётган тор йўллар масаласи ечимига айнан жорий йилда нуқта қўйилмоқда. Кенг ва равон автойўл, алоҳида пиёдалар йўлкалари ортиқча тирбандлик, унинг ортидаги нохуш вазиятларни бартараф этади. Тўғри, аксарият жойларда иш ниҳояланган, аммо яқин ойларда якунини кутаётганлари ҳам мавжуд. Албатта, кўлами ва ҳажми жиҳатдан кенг миқёсда қамраб олинган ушбу лойиҳанинг ижроси вақт талаб этади.
Жонажон Ватанимиз Мустақиллигининг 28 йиллик тантаналари туманимизда 29 август санасида кенг нишонланди. Куннинг иккинчи ярмида байрамона безанган Уйчи – Чортоқ автойўли аҳоли билан гавжум бўлди.
-Бу йилги байрам шодиёналари ҳар йилгидан ўзгача, кўтаринки руҳда ташкилланибди, масалан, менга жудаям ёқди, -дейди бирлашганлик Ёқутхон Жўрабоева. -Туман марказидан то марказий «Пахтакор» стадионигача бўлган масофада байрамона шукуҳ, тантаналарга ошиқаётган ҳамюртларимизнинг кайфиятини кўриб, очиғи, яйраб кетдим. Бўлар экан-ку, бизнинг туманда ҳам шундай чиройли тадбирлар. Ташкилотчиларга минг раҳмат!
Дарҳақиқат, «Пахтакор» стадионигача бўлган масофада минглаб спортчи ёшлар, иқтидорли ўқувчилар, Зулфияхоним издошлари, ёш истеъдод эгалари байрам меҳмонлари ва меҳнат фахрийлари, Ўзбекистон «Ветеран» жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлаш-маси туман бўлими аъзоларини олқишлар билан қарши олишди. Юртбошимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббуснинг амалий ижроси сифатида 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби, 1-БЎСМ, 22, 26, 33-мактабларнинг бешта енгил автомашинада ўзига хос кўргазма ва чиқишлари намойиши уюштирилди. Бу байрамга ўзгача шукуҳ бағишлади.
Дилларда жо бўлган тилаклар, эзгу ниятлар бари Истиқлол тараннуми, Ватан мадҳига йўғрилди. Байналмилалчи жангчи, Деҳқонобод МФЙ раиси Абдулло Шерматовнинг истаклари шеърга кўчди ва у юракларни ларзага солувчи даъват мисол отилиб чиқди:
Майса бўлай ўтлоқларингда,
Шудринг бўлай япроқларингда,
Хизматингда ҳозирман, Ватан,
Илдиз бўлай тупроқларингда.
Асосий тантаналар «Пахтакор» стадионида бўлди. Бу ерда туман мактабгача таълим бўлимига қарашли муассасалар томонидан кўргазмалар ва концерт дастури намойиш қилинди.
«Чорлов» мусиқаси янграб, табрик учун сўз туман ҳокими, туман Кенгаши депутати Муҳаммадаюбхўжа Апақовга берилди. Туманимиз раҳбари барчани Мустақиллик куни ҳамда вилоятимизгагина хос бўлган «Устозларни йўқлаш куни» билан самимий муборакбод этди. Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янгради.
Туман маданият бўлимининг «Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!» эзгу ғоясини ўзида мужассам этган катта байрам концертида «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли, «Уйчи тонги» фольклор жамоаси, «Бойчечак» болалар, «Парвоз» ўсмирлар ижодий жамоалари, «Ёшлар клуби» аъзолари, 1-БЎСМ спортчилари, 35-мактаб ўқувчиларининг чиқишлари олқишлар билан кутиб олинди. «Ниҳол» мукофоти совриндори Умида Хаджаева ижросида дилтортар қўшиқлар янгради.
Мустақиллик байрами тантаналари ана шундай шукуҳли тарзда давом этмоқда.
Абдулҳаким НИШОНОВ,
Муҳаммадали ҚАМБАРОВ.

