АХСИ ЖОМЕ МАСЖИДИГА ЯНГИ БИНО ҚУРИЛМОҚДА
Юксалиш МФЙда жойлашган Ахси жоме масжиди ҳашар йўли билан қурилган бўлиб, мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб фаолият юритади. Салкам 6 сотих жойни эгаллаган масжид биноси бугунги кун талабига жавоб бермайди. Шу боис Уйчи – Жийдакапа йўлининг 5-километрида масжид учун 0,5 гектар майдон ажратилиб, миллий ҳамда анъанавий меъморчилик лойиҳаси асосида барча талабларга жавоб берадиган янги бино қурилишига киришилди.
-1 млрд. 69 миллион сўм маблағ эвазига қуриладиган мазкур масжид биноси ҳашар йўли билан бунёд этилмоқда, -дейди Ахси жоме масжиди имом хатиби Қодирхон Ибрагимов. -Қурилишга ҳудуддаги тадбиркорлар билан бирга Юксалиш, Шафтоли, Гулистон МФЙларида яшовчи саховатпеша фуқаролар ҳам ўз маблағлари билан ҳисса қўшишяпти. Масжид фойдаланишга топширилса, ўн мингдан ортиқ аҳолига диний маросимлар ва ибодатларини адо этишлари учун имконият яратилади.
8 сентябрь куни Ахси жоме масжиди янги биносининг асо-сий хонақоҳига биринчи ғишт қўйиш маросими ҳамда пахта мавсуми олдидан тадбир бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими М.Апақов, туман ИИБ бошлиғи Ғ.Ғаниев, туман бош имом хатиби И.Қирғизбоевлар қатнашиб, эзгу тилаклар билдиришди. Шодиёнага Яҳёбек Фазлиддинов ҳамда Диёрбек Мўминов-ларнинг ҳатна тўйи ҳам уланиб кетди. Тўйболаларга совғалар топширилди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда туманда 12 та жоме масжиди фаолият юритмоқда. Шундан Файзиобод МФЙдаги Девонабобо, Муборак МФЙдаги Қамбарбойвачча жоме масжидлари учун ҳам замонавий бинолар қурилиши бошланган.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

