«МАДАД» – ЭЛГА ҲУҚУҚИЙ ХИЗМАТ

Адлия вазирлиги томонидан аҳолига беғараз ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида эзгу ишга қўл урилди. Адлия вазирлигининг таклифига асосан жорий йилнинг 6 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳолига ҳуқуқий ахборотни етказиш ва юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 741-сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан «Мадад» нодавлат-нотижорат ташкилоти ташкил этилди. Ушбу муассаса аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳат ҳамда амалий ҳуқуқий ёрдам кўрсатади. Бунинг учун ҳар бир туман (шаҳар)да босқичма-босқич «Мадад»нинг ҳуқуқий маслаҳат бюролари ташкил этилмоқда.

Маълумки, жорий йилнинг апрель ойида Адлия вазирлиги томонидан Advice.uz портали ишга туширилган бўлиб, унда жамият ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган асосий ҳуқуқий масалалар бўйича 1000 дан ортиқ контентлар жойлаштирилган бўлиб, 9459 та ҳуқуқий саволларга онлайн мулоқот орқали жавоблар йўлланди. Шунингдек, мазкур порталдан 40 мингдан ортиқ фуқаро фойдаланди. «Мадад» муассасасига Advice.uz (e-maslahat.uz) порталини доимий такомиллаштириб бориш вазифаси ҳам юкланди.

Қарор билан «Мадад» нодавлат нотижорат ташкилотининг қуйидаги асосий вазифалари белгиланди:

-фуқароларга онлайн режимда бепул ҳуқуқий маслаҳат бериш;

-ҳудудларда маслаҳат бюроларини ташкил этиш орқали фуқароларга доимий равишда бевосита бепул ҳуқуқий маслаҳат бериб бориш;

-ҳуқуқий маслаҳат беришга оид сўровларни таҳлил қилган ҳолда қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

-ҳуқуқий билимларни ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда ошириб бориш ишларига кўнгиллиларни жалб қилиш.

Баҳодир ҚОДИРОВ,

туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси.