«МЕҲРИМИЗ СИЗГА, УСТОЗЛАР!»
Маълумки, вилоят ҳокимининг фармойишлари асосида ҳар ойнинг охирги пайшанбаси «Устозларни йўқлаш куни», ҳар ойнинг биринчи жумаси «Меҳр-оқибат куни» деб белгиланган.
Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлими, «Уйчинома» газетаси таҳририяти ташаббуси билан мазкур саналарда турли тадбирлар ташкил қилинмоқда. 6 сентябрь – «Меҳр-оқибат куни» муносабати билан 34-мактабда «Меҳримиз сизга, устозлар!» тадбири бўлиб ўтди. Унда жамғарманинг туман бўлими раиси Тоҳиржон Исматиллаев сўзга чиқиб, бундай тадбирлар ёшлар маънавиятини юксалтиришда, эзгу анъаналар бардавом бўлишида катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Шундан сўнг шу мактабда узоқ йиллардан бери самарали фаолият кўрсатаётган мактаб директори Марғуба Отаева, муаллималар Феруза Отахонова, Ёқутхон Солиева, Наима Мирзабоева, Ҳабиба Мамажоноваларга эҳтиром кўрсатилди, уларга фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари топширилди. Ҳабиба Мамажонова олтмиш ёшга тўлиши муносабати билан «Табрикнома» тақдим қилинди.
Устозлар эътибордан бағоят миннатдор эканликларини билдирдилар. Ўқувчиларнинг устозларни улуғловчи қўшиқлари тадбирга ниҳоя ясади.
Умиджон СУЛТОНОВ.

