ПАХТА ТЕРИМИ БАЙРАМОНА ТАРЗДА ЎТИШИ КЕРАК

Жорий йилда туманимизда 5869 гектар майдонда пахта етиштирилди. 20862 тонналик «оқ олтин» хирмонини уйиш учун пахтакорларимиз йил бўйи самарали меҳнат қилишди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, далада етарли ҳосил етиштирилган. Эндиги вазифа пахтани нест-нобуд қилмай, қисқа фурсатларда йиғиштириб олиш ва омборларга топшириш.

6 сентябрь куни пахта мавсумига киришиш аввалидан туман ИИБ бошлиғи Ғ.Ғаниев раҳбарлигидаги 3-сектор – «Уйчи Гулистон» ММТП ҳудудидаги «Гулистон лочин парвози» фермер хўжалиги дала шийпонида тўкин дастурхон ёзилиб, фахрийлар, қишлоқ хўжалиги ходимларига эҳтиром кўрсатилди.

Тадбирда туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов, «Учқўрғон текстил» МЧЖ қўшма корхонаси раҳбари Муллажон Мансуровлар сўзга чиқиб, теримни байрамона ва кўтаринки руҳда ташкил этиш, бу йилги мавсумда фермерлар ҳамда теримда қатнашганлар юқори даромад олишлари кутилаётганини алоҳида таъкидлашди.

-Мен уйчилик фермерлардан ҳамда  туман раҳбарлари, соҳа мутасаддиларидан бағоят миннатдорман, -деди Муллажон Мансуров. -Қишлоқ хўжалигида ҳар бир соат, кун ғанимат. Бу йилги иссиқ об-ҳаво шароитида туну кун тиним билмай меҳнат қилинди. Ўзаро ҳамфикрлик, муаммонинг ўрнида ечилиши, «Нуроний» жамғармаси туман бўлими оқсоқолларининг амалий кўмаги, қўйингчи, барча уюшқоқликда фаолият кўрсатгани далаларда етиштирилган ҳосил чўғида ҳам кўриниб турибди. Ҳаммамизнинг мақсадимиз бир – сифатли ҳосил ва юқори даромад олиш. Умид қиламанки, уйчилик фермерлар пахтачиликда ўтган йигирма етти йил давомида эришмаган даромадларига бу йил эришадилар, моддий жиҳатдан бақувват фермерга айланадилар. Кимки ҳалол ва виждонан ишлаган бўлса, бу йил, албатта, бунга ҳар бирингиз шоҳид бўласиз.

Туман бош имом хатиби Исроилхон Қирғизбоев дуои фотиҳалар қилиб, мавсумнинг муваффақиятли ўтишини тилади.

7 сентябрдан бошлаб Иқболжон Лутфиддинов раҳбарлигидаги «Гулистон лочин парвози» фермер хўжалигида пахта теримига киришилди.

Пахтакорларимиз юксак марраларни эгаллаб, юзлари ёруғ бўлишини тилаймиз. Шижоати баланд уйчиликларни пахтазорларга чорлаймиз.

******

Уйчи саноат, транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежида фаоллар ва теримчилар вакиллари билан бўлган учрашувда туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов бу йилги пахта терими мавсуми кўтаринки руҳда ва байрамона тарзда ташкил этилишини алоҳида таъкидлади.

-Ҳар бир килограмм пахта учун 800 сўмдан ҳақ тўланади, -деди туманимиз раҳбари. -Теримни асосан уюшмаган аҳоли ва барча хоҳловчи фуқаролар билан амалга оширамиз. Рағбат ва моддий манфаатдорлик ўтган йилгидан ҳам юқори бўлади. Ҳисоб-китобларга кўра биринчи теримнинг ўзида 13 млрд. сўм маблағ нақд пулда бериш учун тайёрлаб қўйилди. Бундан ташқари, энг илғор теримчиларга мавсум давомида 100 миллион сўмлик эсдалик совғалари берилади.

Теримни уюшқоқликда ташкил этиш учун 152 та отряд шакллантирилди. Отряд раҳбарлигига асосан МФЙ раислари (54 нафар), мутахассис (39 нафар), масъул котиблар (8 нафар), фаоллар ҳамда фермер хўжаликлари иш юритувчилари жалб этилди. Отряд раҳбарлари томонидан теримда қатнашиш истагини билдирган уюшмаган аҳолидан салкам 14 минг киши рўйхатга олинган.

-Бундан ташқари, фаол хотин-қизлар, нуронийлар, отинойилар, кўча бошилардан иборат «Мадад» гуруҳлари ҳам тузилмоқда, -дейди туман ҳокимининг ўринбосари Раънохон Назарова. -Бу гуруҳларда 3000 теримчи бўлиши кутилмоқда. Иккита ётоқхонага 200 нафар теримчи жойлаштирилади. 15 сентябрдан оммавий теримга киришилади. Теримда қатнашиш истагидагилар тўғридан-тўғри маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ёки жойлардаги отрядларга мурожаат этишлари мумкин.

Мулоқотда вилоят ҳокимининг вакили Тоштемир Боқиев сўзга чиқиб, долзарб вазифаларни белгилаб берди.

-«Йиғлаб юриб, чигит эксанг, ўйнаб юриб, пахта терасан» -деди вакил. -Уйчиликлар эрта баҳордан бери мардонавор меҳнат қилиб, далаларда мўл ҳосил етиштирдилар. Энди теримни тўғри ташкил этиб, ҳосилни йиғиштириб олиш қолди, холос. Теримда аввало, сифатга алоҳида эътибор бериш зарур. Бунинг учун фермер ҳам, отряд раҳбари ҳам назоратни асло бўшаштирмаслиги керак.

Мулоқотда Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Тоҳиржон Исматиллаев, меҳнат фахрийси Ҳавохон Олимова, Янгичек МФЙ раиси, 66-отряд раҳбари Зуҳра Ҳожиева сўзга чиқиб, барчани теримни юксак кўтаринкиликда ташкил этишга чақирдилар.

******

Туман ҳокими, 1-сектор раҳбари Муҳаммадаюбхўжа Апақов «Қизилравот ирригатор» СИУ ҳудудидаги фермер хўжаликлари пахтакорлари билан учрашди ва терим олдидан навбатдаги муҳим вазифаларни белгилаб берди.

Улуғбек Мирзааҳмедов раҳбарлигидаги «Уйчи адир баҳори» фермер хўжалиги дала шийпонида ташкил этилган тўкин дастурхон атрофида ҳудуддаги фермер хўжаликлари бошлиқлари ҳамда теримчилар вакиллари жамулжам бўлишди.

******

«Уйчи Гулистон» ММТП ҳудудидаги «Абдурайим» фермер хўжалиги (раҳбари А.Раҳимов) заршунослари жорий йилда 26,4 гектар майдонда пахта етиштирдилар. 80 тоннадан ортиқ «оқ олтин» топширишни, ҳар гектар майдондан  30,3 центнердан ҳосил олишни кўзлаган жамоа лафзи ҳалоллари теримга киришдилар.

******

«Уйчи мирзо Улуғбек» ММТП ҳудудидаги «Ривожиддин ота орзулари» фермер хўжалиги дала шийпонида фермер хўжаликлари бошлиқлари ва меҳнат фахрийлари иштирокида пахта терими олдидан тадбир бўлиб ўтди.

Унда туман ҳокими М.Апақов, сектор раҳбарлари иштирок этдилар.

Тадбир ниҳоясида нуронийлар дуога қўл очиб, хирмонга барака тиладилар.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.