УЙЧИДА МАКТАБЛАР СОНИ БИТТАГА КЎПАЙДИ
Янги ўқув йили арафасида туманда яна битта мактаб очилди. У Уйчи иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи биносида иш бошлади.
2018 йили 35-умумий ўрта таълим мактаби қошида ҳарбий ва спортга ихтисослаштирилган синфлар очилган эди. Дастлаб 150 нафар бола билан иш бошланган. Ҳозирда 3-11-синфларда 400 нафар бола ўқимоқда. Улардан 50 нафарини қизлар ташкил қилади. Ўқувчилар умумтаълим фанларини ўқиш билан бирга, ҳарбий ва спорт тўгаракларида машғулотларда қатнашишади. Ўтган даврда мактаб ўқувчилари вилоят, республика миқёсидаги турли танловларда юқори ўринларни қўлга киритишди. Бундан ташқари, туман миқёсидаги байрам тадбирларида ҳарбий-спорт йўналишида кўргазмали чиқишлари билан кўпчилик эьтиборини тортиб келишмоқда.
-Жорий ўқув йилидан мактабимиз алоҳида 45-умумий ўрта таълим мактаби сифатида ажраб чиқди, -дейди маскан директори Нодирахон Тошматова. -Энди ўқувчилар замонавий шарт-шароитларга эга бўлган коллеж биносида ўқийдилар.
Ўқув йили олдидан мактабда тантанали маросим бўлди. Унда туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов сўзга чиқиб, мактабда иқтидорли ёшлар сафи янада кенгайишини тилади.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

