ҲАР КИМ ҚИЛСА, ЎЗИГА

Инсон боласи ҳаёти давомида имкон қадар тўғри йўлдан юрмоққа ҳаракат қилади. Бу йўлда баъзан адашади ҳам. Агар хатосини чин дилдан ҳис этиб, пушаймон бўлиб, тўғри йўлга тушиб олса, ҳаёти кўнгилдагидек кечади. Туманимизнинг Хизиробод маҳалласида яшовчи Ё.С.га 2018 йил 10 майда ЖИБ туман судининг ҳукми билан бир йил муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолинган ҳолда уч йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган эди. У белгиланган муассасада ўз хизмат вазифасини сидқидилдан адо этиб, жамоада эътибор топди. Хулқ-атвори, муомаласи, ишчанлиги, тартиб-интизомга қатъий риоя этганлиги учун жазонинг ўталмай қолган бир йилу ўн ойидан шартли равишда озод этилди.

Назорат остидаги шахс К.Д. эса хатосидан тескари хулоса ясаганлардан бири бўлиб чиқди. У 2002, 2004, 2014 йилларда ЖИБ Наманган шаҳар судида судланиб, жазога тортилган. Берилган енгилликларга шукрона қилмай, яна қасддан жазодан бўйин товлаганлиги учун жазонинг ўталмаган 1 йилу 3 ой 23 куни озодликни чеклаш жазосига алмаштирилди.

Назорат остидаги Ғ.Б. гарчи аёл бўлса-да,  интизомсизлик борасида унча-бунча эркак-ларни ортда қолдириб келди.

Дастлаб 2016 йилда Ўзбекистон Респуб-ликаси ЖК.нинг 168-моддаси 2-қисми «б» банди ва 228-моддасининг 2-қисми «а» банди билан айбдор деб топилди. 2 йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Аммо Ғ.Б. ички тартиб-қоидаларга риоя этмай, 2016 йил 11 июль куни яна суд курсисига ўтирди. Бу гал унга 2 йилу 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси белгиланди. Бундан ҳам хулоса қилмаган Ғ.Б.нинг ахлоқи 2016 йил 27 сентябрда учинчи марта муҳокама этилди ва жазо муддати 3 йилга оширилди. Белгиланган корхонада 4 ойгина ишлади ва яна  жазони ўташни доимий бузиб келди.

Юқоридагиларни ҳисобга олган ЖИБ туман суди Ғ.Б.ни жазонинг ўталмай қолган 2 йилу 8 ойини қамоқ жазосига алмаштирди.

«Ҳар ким қилса, ўзига», -деб шуни айтсалар керак-да.

Ёқубжон ҲАБИБУЛЛАЕВ,

туман ИИО пробация гуруҳи катта инспектори, майор.