БУЗҒУНЧИ ҒОЯЛАРДАН АСРАНГ

Истиқлолнинг дастлабки йилларидан мамлакатимизда оила манфаатларини ҳимоялашнинг ҳуқуқий, маънавий, ахлоқий асосларини умуминсоний ва миллий қадриятлар уйғунлигида янада бойитиш ҳамда чуқур билимли, касб малакаси шаклланган, маънавий ва жисмоний соғлом авлодни вояга етказиш борасида кенг қамровли эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Тинчлик инсонпарвар ва бағрикенг халқимизнинг тили ва дилидан мустаҳкам жой олиб, энг олий қадрият, деб қаралиб келинмоқда. Обод турмушни акс эттирувчи муқаддас қадриятларимиз, миллий урф-одат ва расм-русумларимиз, анъаналаримиз, динимиз бевосита хотиржамлик силсиласига узвий боғлиқдир. Лекин бу олий неъматни сақлашда инсон фарзандидан қатор бурч ва вазифалар талаб этилади. Доимо огоҳлик ва ҳушёрлик, содир бўлаётган ҳодисаларга зийрак кўз ва теран нигоҳ билан назар ташлаш лозим. Маънавий таҳдидларнинг моҳияти, мазмунини англаб етиш, уларнинг зарарини ота-оналар, оила аъзолари тушунчаларида шакллантириш ижтимоий барқарорлик ва юрт осойишталигини таъминлашнинг бирламчи шарти, деб ҳисоблашимиз даркор. Турли қарама-қаршилик ва зиддият-ларни келтириб чиқарувчи ҳамда ўз мақсадларига эришишда ҳеч бир қабиҳликдан қайтмайдиган гуруҳлар борлиги ҳар биримизни огоҳликка ундайди. Диний ақидапарастлик, экстремизм ва терроризм каби вайронкор кучларнинг мақсади бунёдкор ғояларни тан олмаслик, одамлар онгини заҳарлаш-дан бошқа нарса эмас. Динни ниқоб қилиб олганлар, асосан, ақл-идроки саёз, тафаккури комил бўлмаган шахсларни, хусусан, ҳаёт тажрибаси кам бўлган ёшларни йўлдан оздиришга уринишади. Баъзи тенгдошларимиз интернет орқали тарқалаётган ақидапараст шахсларнинг маърузаларини диск ёки қўл телефони хотирасида сақлаб, тинглаб юришлари яхши эмас. Шунинг учун ота-оналар фарзандларини бузғунчи ва зарарли таҳдидлардан асрашлари зарур. Зеро, муқаддас ислом дини тинчликни тарғиб қилиб, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини уқтиради. Аллоҳ Таоло: «Эй иймон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтонни изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир», – дейди (Бақара сураси, 208-оят). Шундай экан, ҳамиша ҳушёр ва огоҳ бўлайлик.

Абдумалик КАЗАКБАЕВ,

«Қамбарбойвачча» жоме масжиди имом-ноиби.