«ОҚ ОЛТИН» КАРВОНИ

15 сентябрь куни дастлабки ҳосил юкланган «оқ олтин» карвони «Учқўрғон текстил» МЧЖ қўшма корхонасига қарашли Уйчи пахта тозалаш заводида қабул қилинди.

Бу катта шодиёнага айланиб кетди. Карнай-сурнай садолари остида «оқ олтин» карвони кириб келар экан, бу ерга йиғилганлар кўнглида бир фикр: хирмонимиз сарбаланд, юзларимиз ёруғ бўлиб, баракасини берсин.

Дастлаб тарозига «Аброрбек ифтихор файз», «Уйчи адир баҳори», «Яккатут нурли замин» каби фермер хўжаликларидан келтирилган ҳосил қўйилди. Хўжалик вакилларига қимматбаҳо совғалар топширилди. Шу куни 80 тоннага яқин ҳосил тарозидан ўтди.

Бир пиёла чой устида фахрийлар, фермерлар вакиллари дилдан суҳбат қуриб, янги режаларни туздилар.

Маросимда туман ҳокими М.Апақов, «Учқўрғон текстил» МЧЖ қўшма корхонаси раҳбари О.Жўраев, Уйчи пахта тозалаш заводи директори Ш.Мирзаакбаровлар иштирок этдилар.

Худди шундай «оқ олтин» карвони Гулистон пахта пунктида ҳам бўлди. Мазкур пунктда 8 минг тонна пахта қабул қилиниши режалаштирилган. Пунктга «Уйчи Гулистон» ММТП ҳудудидаги «Зарнигор Гулистон», «Девдас ороли», «Лазокатбу Гулистон», «Марҳабо сардор» фермер хўжаликлари биринчи бўлиб ҳосил топширдилар.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.