ШИРИНТОЙЛАР МАСКАНИ
Тошлоқ маҳалласи ҳудудида яна битта оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти (МТТ) фаолиятини бошлади.
«Ройхан» деб номланган мазкур масканда 30 нафар ширинтой тарбияланади. Уларга муассасада зарур шароитлар яратилган. Ташкилот директори Маҳбуба Қосимова соҳада тажрибага эга мутахассислардан.
Масканнинг очилишида фахрийлар, ота-оналар вакиллари қатнашдилар. Тадбирда сўзга чиққан туман Кенгаши депутати Бахтиёр Эгамов, ЎзХДП туман кенгаши раиси Акрамжон Абдуғаппоров, туман МТБ мудири ўринбосари Улуғбек Мансуровлар келажагимиз эгаларига бўлган бундай юксак эътибор ва ғамхўрликлар йиллар ўтиб, албатта, ўз натижасини беришини таъкидладилар. Жажжилар томонидан концерт дастури намойиш қилинди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда туманда 43 та МТТда 6540, оилавий нодавлат ҳамда давлат хусусий шерикчилиги (ДХШ) асосида ташкил қилинган 50 та МТТда 1300 нафар кичкинтой тарбияланмоқда. 3-7 ёшгача бўлган болалар 17780 нафар бўлиб, шундан 7840 нафари МТТларга қамраб олинган. Бу 44,9 фоизни ташкил қилади. Йил якунигача яна 3 та ДХШ асосида, 10 та оилавий нодавлат МТТ, 2 та давлат МТТ иш бошлаши ва қамров сони 51,6 фоизга чиқарилиши режалаштирилган.
Умиджон СУЛТОНОВ.

