«ЎҚИТУВЧИ – КЕЛАЖАК БУНЁДКОРИ»
Муҳтарам Юртбошимиз яқинда халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида таъкидлаганларидек: «Ўзбекистон шароитида бугундан бошлаб энг ҳурматли, эъзозли инсон муаллим».
Бугунги кунда туманимиздаги мавжуд 45 та умумий ўрта таълим мактабида 2365 нафар педагог 37831 нафар ўғил-қизга таълим-тарбия бериб келмоқда. Ўқитувчиларнинг фаолият кўрсатишлари учун муносиб шарт-шароитлар яратиб бериш, меҳнатини қадрлаш, соғломлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас.
13 сентябрь куни туманимизда «Ўқитувчи – келажак бунёдкори» шиори остида бўлиб ўтган маънавий-маърифий ва спорт тадбирлари ҳам бунинг ёрқин далилидир.
Туман марказий «Пахтакор» ўйингоҳида тадбирнинг тантанали очилиш маросими бўлди. Унда туман ҳокимининг ўринбосари Раънохон Назарова сўзга чиқиб, барча иштирокчиларга самимий тилаклар билдирди. Шундан сўнг мактаблардаги чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчилари ҳамда ҳарбийлар томонидан кўргазмали чиқишлар намойиш этилди. 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида директорлар ўртасида шахмат-шашка, аёллар ўртасида «Қувноқ стартлар», эркаклар ўртасида футбол, шунингдек, стол тенниси мусобақалари ва расмлар танлови ўтказилди.
13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби концертлар залида тадбир ғолибларини тақдирлашга бағишланган маросим бўлди. Унда туман ҳокими М.Апақов, Республика Халқ таълими вазирлиги вакили Д.Эрматов, вилоят ХТБ бошлиғи В.Ражапов, туман ХТБ мудири Ш.Муродовлар иштирок этдилар ва ғолибларга туман ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ, қимматбаҳо совғаларини топширдилар.
Туман маданият бўлимининг «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли хонандалари ижросидаги қўшиқлар рақсларга уланиб, туманимиз зиёлилари шу куни маданий дам олдилар.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

