ИЗЛАНИБ, ИНТИЛИБ, ҚИЗИҚИШНИ ОШИРИБ…
Билим масканимизда география ва иқтисод фанлари ойлиги муносабати билан бошланғич ва юқори синфларда очиқ дарслар, турли тадбирлар ташкил этилди. Куни кеча туман семинари ўтказилди.
Феруза Давлатова мактабнинг олий тоифали география ўқитувчиси. Изланувчан, янгиликка интилувчан муаллималардан. У 6-«А» синфда ўтган «Материк ва океанларнинг пайдо бўлиши» мавзусидаги очиқ дарсида янги инновацион ғоялардан, «Ташриф дарси», «Хатойимни топ», «Кичик гуруҳларда ишлаш» каби методлардан самарали фойдаланди. Мадина Қирғизалиева, Фаррух Сатторов, Мадина Юсуфжонова, Мухтасар Раҳимова каби билимдон ўқувчилар дарсда фаол қатнашдилар.
Физика фани ўқитувчиси Фарида Тожиаҳмедова 9-«А» синфда «Температура» мавзусидаги очиқ дарсини кичик ва катта гуруҳларга бўлинган ҳолда мусобақа тарзида ўтди. Писа дастури ҳақида ўқувчиларга маълумотлар берилди. Ўқувчилар томонидан тайёрланган ҳаракатли кўргазмалар барчанинг эътиборини тортди.
Бошланғич синфларда табиатшунослик фанидан ўтилган очиқ дарслар ҳам барчада қатта қизиқиш уйғотди. Тажрибали муаллима Малоҳат Ногманова 3-«А»синфда «Табиатда ҳаво» мавзусидаги дарсини мультимедия ёрдамида ҳаётий мисоллар билан кенг ёритиб берди.
Гулчеҳра Содиқова 4-«Д» синфдаги «Катта сайёралар» дарсида «Об-ҳаво белгилари», «Ажратиш», «Ўз ўрнингни топ» каби таълимий ўйинлардан фойдаланди. Сайёралар ҳақида видеоролик намойиш қилинди.
Нажиба Раззоқованинг 4-«В» синфдаги «Сайёралар» мавзусидаги дарсида ўқувчиларнинг ижодий фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳар бир ўқувчи мустақил фикрини баён қилди. Тест, тарқатма материаллар, «БББ» услуби орқали дарс мазмуни янада бойитилди.
Бу изланувчан ўқитувчиларнинг очиқ дарслари туман миқёсида оммалашди.
Гўзалхон ҲАМИДОВА,
Нуриддин ТЎХТАНАЗАРОВ,
2-мактаб ўқитувчилари.

