ИСБОТ ҚИЛИШНИНГ УМУМИЙ ШАРТЛАРИ

суд ҳукмининг асосли ва адолатлилигини таъминлашда муҳим ўрин тутади

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Процессуал кодексининг 9-боби «Исбот қилишнинг умумий шартлари» деб номланган бўлиб, мазкур боб 85-951-моддаларни ўз ичига олади. Исбот қилиш ишни қонуний, асосланган ва адолатли ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги ҳақиқатни аниқлаш мақсадида далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолашдан иборатдир.

Исбот қилиш иштирокчилари

Исбот қилишни суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд амалга оширади.

Исбот қилишда гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, ҳимоячи, жамоат айбловчиси, жамоат ҳимоячиси, шунингдек, жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Исбот қилишда иштирок этишга гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар, холислар, шунингдек, бошқа фуқаролар ва мансабдор шахслар жалб этилади. Улар ушбу кодексда белгиланган тартибда далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолаш билан боғлиқ ҳуқуқларни амалга оширадилар ҳамда мажбуриятларни бажарадилар.

Исбот қилиш жараёнида фуқаролар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини қўриқлаш

Далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолаш жараёнида фуқароларнинг, шунингдек, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини қўриқлаш таъминланиши керак.

Исбот қилишда қуйидагилар тақиқланади:

-шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган ёки уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи хатти-ҳаракатлар содир этиш;

-зўрлик, пўписа қилиш, алдаш ва қонунга хилоф бошқа йўллар билан кўрсатув, тушунтириш, хулосалар олишга, экспериментал ҳаракатларни бажаришга, ҳужжатлар ёки буюмлар тайёрланишига ва берилишига эришиш;

-тунги вақтда, яъни кеч соат 22.00 дан эрталаб соат 6.00 гача тергов ҳаракатлари олиб бориш. Тайёрланаётган ёки содир этилаётган жиноятнинг олдини олиш, жиноят изи йўқолишига ёки гумон қилинувчининг қочиб кетишига йўл қўймаслик, эксперимент жараёнида текширилаётган ҳодисанинг ҳолатини қайтадан тиклаш зарурати бўлган ҳоллар бундан мустасно.

Ж.МАМУРОВ,

жиноят ишлари бўйича  туман судининг раиси.