МАЖБУРИЙ ДАВОЛАНИШГА ЮБОРИЛДИ

Инсон боласи борки, эрталаб ишга уйидан тоза, беғараз ният билан чиқмоғи ғоят муҳим. Аксинча, ғализ ният билан остона хатлаганнинг иши ўнгидан келмайди.

Наманган шаҳар Янги ҳаёт маҳалласида яшовчи фуқаро Ғ.С. шу йил 5 май куни Мирзаровот МФЙдаги мардикор бозорига иш қидириб келади. Коросконлик вояга етмаган В.Қ. билан қурилиш ишларини бажариш учун ўзаро келишади. Йўлда иккови гап талашиб қолади ва Ғ.С. В.Қ.га ўртача оғир тан жароҳати етказади. Ғ.С. бу хатти-ҳаракати билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 105-моддаси, 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этади.

Наманган вилояти руҳий асаб касалликлари шифохонаси экспертларининг хулосасига кўра фуқаро Ғ.С.нинг  фикрлари саёзлиги, юриш-туриши, хатти-ҳаракатларида ақли заифлик кўринишлари мавжудлиги аниқланди ва у ақли норасо деб топилди. Шу сабабли ижтимоий хавфли қилмиши учун фуқаро Ғ.С. тиббий йўсиндаги мажбурий даволанишга юборилди.

Комилжон УБАЙДУЛЛАЕВ,

туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими катта терговчиси, майор.