ТАШАББУСНИНГ АМАЛИЙ ИЖРОСИ
3-мактабда Юртбошимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббуснинг амалий ижросига бағишланган «Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз ва ҳеч кимдан кам бўлмаймиз» шиори остида маънавий-маърифий ҳамда спорт тадбирлари уюштирилди.
Унга вилоят ва тумандан бир қатор ижодкорлар таклиф қилинди. Дастлаб тасвирий санъат фанидан 5-7-синфлар ўқувчилари ўртасида расмлар танлови ўтказилди. Она-Ватан ва мустақиллик, гўзал табиат манзараларини акс эттирган 5-6-синфлар ўқувчилари Муслима Мухторжонова, Ойша Алихоновалар ғолибликни қўлга киритдилар. 11-синфлар ўғил болалари ўртасида спортнинг қўл тўпи тури бўйича ўтказилган мусобақада тўртта жамоа қатнашиб, 11-«Г» синф жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Ғолиб ўқувчилар ва жамоага мактаб маъмуриятининг фахрий ёрлиғи, эсдалик совғалари топширилди.
Шу куни тадбирларнинг давоми «Халқ таълими аълочиси», мактабнинг собиқ математика фани ўқитувчиси, марҳум устоз Юсуфжон Дадабоевнинг «Ишқим изҳор қилсам майлиму» китобининг тақдимотига уланиб кетди. Ўқувчиларнинг шеърият ва санъатга бўлган қизиқишларини янада ошириш мақсадида ташкил этилган учрашув аввалида мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Мунаввар Саидова устознинг ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот бериб ўтди. Сўнг вилоятимиздаги таниқли ижодкорлар Зиёвиддин Мансуров, Носир Аббос, Комилжон Файзиев, Орифжон Жўраевлар сўзга чиқиб, ижодларидан намуналар ўқишди, бу каби тадбирлар ёшлар маънавиятини юксалтиришда катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлашди. Ёш ижодкор Муслимбек Олимжонов янги ёзган шеърларидан ўқиб берди.
Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлими, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси, Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлими, «Уйчинома» газетаси ҳамкорлигидаги мазкур тадбир унинг иштирокчиларида унутилмас таассуротлар қолдирди.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

