ЮРГАН – ДАРЁ…
Халқимизда: «Юрган – дарё, ўтирган – бўйра», -деган нақл бор. Чиндан ҳам, кимки юрса, саёҳат қилса, юрт кўрса, кайфияти ортади, билими кўпаяди, умри зиёда бўлади.
Шундай қилиб, 70 нафар саёҳатчи учта автобусда туман ҳокимлигидан йўлга чиқдик. Йўл-йўлакай юртимизда кечаётган улкан ўзгаришлар, бунёдкорликларнинг шоҳиди бўлиб, ғурурга тўлиб бордик. Ангрен, Оҳангарон шаҳарлари бундан 15-20 йиллар олдин деярли қиёфасини йўқотаёзган эди. Ҳозир эса ҳавас қилгудек даражада гўзаллашибди. Гулистон, Жиззахда ҳам ибратли ишлар амалга ошмоқда экан.
«Самарқанд – сайқали рўйи заминаст», -деганларидек, ер юзининг сайқали бўлган шаҳарга ҳам етиб бордик. Шаҳар чинданам гўзал. Бу ерда ўтмишдошларимиз заковати билан замондошларимиз маҳоратининг уйғунлашиб кетганлиги киши ақлини лол қилади. Имом ал-Бухорий, Амир Темур, Регистон, Шоҳизинда, Бибихоним, Мирзо Улуғбек зиёратгоҳларини кўриб, қалбларимиз тўлқинланди. Истиқлолимиз асосчиси И.Каримов қабрларини зиёрат қилиб, кўзларимизга ёш келди.
Саёҳатимизнинг иккинчи куни «Ислом динининг қуббаси», -деб аталган Бухорои шарифга йўл олдик. У ерда ҳам диққатга сазовор, муқаддас саналган обидаларни, зиёратгоҳларни айландик, баҳра олдик. Улуғвор шаҳарларимизга ташриф буюрган хорижлик сайёҳларнинг обидаларимиз олдидаги ҳайратини кўриб, ўтмиши ҳам, келажаги ҳам буюк юртда туғилганимизга беадад шукроналар айтдик.
Юртдошларимизни бу шаҳарларга бориб, завқланиб яшашларини истаб қоламиз.
Абдураҳмон ХАТАМОВ,
меҳнат фахрийси.

