ВИРТУАЛ КАССА ТУШУНЧАСИ

Жорий йил 6 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони эълон қилинди. Унга асосан, эндиликда аҳоли билан нақд пулда ёки банк пластик карталари орқали амалга оширилган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотларни давлат солиқ хизмати органларига онлайн режимида узатиб бориш функциясига эга бўлган маълумотлар алмашинуви платформаси – виртуал кассаларни онлайн назорат касса машиналари қаторида жорий этилади. Фармонда белгиланганидек, тадбиркорлик субъектлари онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтган тақдирда уларга нисбатан амалдаги фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини ишлатиш, кассир-операциячи томонидан назорат-касса дафтарини юритиш ҳамда иш куни охирида ҳар бир назорат-касса машинаси бўйича кунлик ҳисоботни чиқариб олиш мажбуриятлари бекор қилинади. Шу билан бирга, кунлик ўртача нақд пул тушуми миқдоридан қатъи назар, нақд пулни банк кассаларига инкассация хизматлари орқали ўзлари белгилаган даврларда ёки мустақил равишда топшириш ҳуқуқига эга.

Жисмоний шахсларнинг банк пластик карталари ёки чегирма (дисконт) карталарига оммавий оферта шартлари асосида ўтказилган бонуслар (пул, балл ва бошқа бирликлар) шаклидаги маблағлар (cashback) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи базаси сифатида қаралмайди. Фармоннинг аҳамиятли томони савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасини янада эркинлаштиради ва унинг ҳажмини кескин оширади. Ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратади.

Алимардон ПЎЛАТОВ,

туман ДСИнинг солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғи.