УЙЧИ ПАХТАЗОРЛАРИДА

ЗАФАР НАШИДАСИ

«Қашқалдоқ Беруний» СИУ ҳудудидаги «Аброрбек ифтихор файз» фермер хўжалиги (раҳбари Акмалжон Абдуллаев) пахтакорлари 30,7 гектар майдондан 105 тонна «оқ олтин» топшириб, шартномавий режаларини шараф билан бажардилар.

Жамоа эришган муваффақиятда Мавлуда Абдуллаева, Сурайё Халитова, Роҳатхон Мирзабоева, Марғуба Иминжонова каби кўпмингкилограммчи теримчилар ҳамда сувчи Баҳодир Дедақўзиев, механизатор Аҳмаджон Маматалиевларнинг салмоқли улушлари бор.

Фермер хўжалиги дала шийпонида жамоа аъзолари ҳосил тўйини ўтказдилар. Унга туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов ташриф буюриб, жамоани эришган ғалабаси билан самимий табриклади ва терим илғорлари, ҳосилни яра-тишда фидойилик кўрсатганларга  қимматбаҳо совғаларни топширди.

Ёрқўрғон маданият маркази санъаткорлари маданий хизмат кўрсатдилар.

МУТАХАССИС СОВҒАСИ

Чўртук МФЙ мутахассиси Саидахон Набиева соҳасининг фидойиларидан. Айни вақтда у 65-отряд раҳбари сифатида пахта йиғим-теримида фаоллик кўрсатмоқда.

Саидахон бошчилигида юзга яқин хотин-қиз Расулжон Умматалиев раҳбарлигидаги «Соҳиби зиё нур саховати» фермер хўжалиги пахтакорларига ёрдамга чиқяпти. Жамоа аъзолари бу йил 40 гектар майдондан 152 тонна ҳосил йиғиштириб олишни кўзлашган. Кунига 10 тоннага яқин пахта териб топшириляпти. Бунда хўжалик аъзоларидан Назира Сатимова, Гулчеҳра Носирова, Зуҳра Қозоқова, Ҳамида Турғунова, Муҳайё Мусахонова, Чўртук маҳалласидан Рислиғой Даминова, Зулхумор Хўжаева, Наргиза Исабоева, Ҳусния Шамсиддинова, Мўътабар Темирова кабилар фаоллик кўрсатиб, пешқадамликни қўлдан беришмаяпти.

Беш кунлик якунига кўра, Саидахон Набиева терим илғорларини эълон қилиб, уларга ўз ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғаларини  топширди. Бу рағбат ҳашарчи-ю теримчиларга янада шижоат бағишлади.

«МАҲАЛЛА» ТАШАББУСИ

Маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият юритаётган масъул котиблар ҳамда ёшлар масалалари бўйича раис ўринбосарлари ташаббус билан чиқиб, пахта йиғим-теримида жонбозлик кўрсатмоқдалар. Бир неча кундирки, улар «Қаҳрамон чинори» фермер хўжалигига ёрдамга чиқишмоқда.

-Теримда Баландариқ, Мевазор, Қумтепа МФЙлари котиблари Нигора Абдуллаева, Қутбиддин Авлаяров, Носиржон Алихоновлар, ёшларимиздан Назокат Қорабоева, Мафтуна Эшонхўжаева, Шаҳноза Раззоқовалар пешқадамлик қилишяпти, -дейди ФЎЎБОФМБ туман кенгаши мутахассиси Отабек Муродов. -Ҳар уч кунлик якуни бўйича ғолибларни рағбатлантириб боряпмиз. Теримчилар учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Туманимиз «оқ олтин» хирмонини юксалтириш учун муносиб ҳиссамизни қўшамиз.

ТЕРИМ АВЖИДА

А.Эгамбердиев номли ММТП ҳудудидаги «Матлуба фарзандлари Шокирбек ва Собирбек» кенг тармоқли фермер хўжалиги азаматлари 36,6 гектар майдонда пахта етиштирдилар. Жамоанинг 135 тонналик «оқ олтин» хирмонини уйиш учун кураш қизғин давом этмоқда.

-Йиғим-теримни байрамона тарзда ташкил қиляпмиз, -дейди Хизиробод МФЙ мутахассиси, 33-отряд раҳбари Марғуба Абдураҳмонова. -Не-не машаққатлар билан етиштирилган пахтанинг бирор мисқолини ҳам нест-нобуд қилмай йиғиштириб олиш эзгу мақсадимиз. Фермер хўжалиги раҳбари Матлубахон Тўрабоева теримчилар учун ҳамма шароитларни муҳайё қилиб қўйган. Илғорлар ҳар уч кунлик якунида эълон қилиниб, рағбатлантириб бориляпти. Муқаддас Мамадалиева, Зилола Ўринбоева, Маъмура Убайдуллаева сингари чаққонбилаклар барчага ўрнак бўлишмоқда.

Фермер хўжалигига Наманган телевидениеси ижодкорлари ташриф буюриб, лавҳалар олишди. Туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов теримда жонбозлик кўрсатаётган ҳашарчиларга эсдалик совғаларини топширди.

ИЛҒОРЛАР

Янгичек МФЙ раиси Зуҳрахон Ҳожиева раҳбарлигидаги 66-отряд фидойилари «Камолиддин ота орзулари» фермер хўжалиги «оқ олтин» хирмонининг юксалишига муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Раҳима Маматалиева, Гулнора Тошбоева, Феруза Бобоназарова, Наргиза Мамадалиева, Зулфия Зокирова кабилар теримда илғорлик қилишмоқда. Оилавий  теримчилардан Мамлакатхон ва Баҳромжон Турғунов, Мунира ва Гулчеҳра Солиевалар кунига 200-250 килограммгача пахта теришяпти. Ҳар уч кунликда ғолиблар аниқланиб, рағбатлантириб борилмоқда.

Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Тоҳиржон Исматиллаев, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлими раиси Ғанишер Жўраевлар теримда жонбозлик кўрсатаётган фахрийлар ҳамда ҳашарчиларга эсдалик совғалари топширишди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.