УСТОЗЛАР ШАРАФЛАНДИ
«Хизробод» тантаналар мажмуасида 1 октябрь – «Ўқитувчи ва мураббийлар куни»га бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тантанада халқ таълими, мактабгача таълим, касб-ҳунар таълими тизими вакиллари, санъат, спорт жонкуярлари, меҳнат фахрийлари таклиф этилиб, эҳтиром кўрсатилди. Бир гуруҳ таълим фидойиларига туман ҳокимининг «Ташаккурномаси» ҳамда қимматбаҳо совғалари топширилди.
-Муҳтарам Президентимиз Фармонларига кўра байрам бўсағасида таълим илғорларидан бир гуруҳи давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирландилар. Мукофотланганлар орасида Наманган вилоятидан 9 киши бўлса, шундан 2 нафари уйчилик устозлар эканлиги қалбимизни ғурур ва ифтихорга тўлдирди, шахсан бундан мен бағоят хурсанд бўлдим, -деди туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов табрик сўзида. -«Жажжи профессор» нодавлат мактабгача таълим муассасаси мудираси Одина Абдуллаева ҳамда 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Абдурасул Муллабоевлар «Шуҳрат» медали билан тақдирланишгани барчани севинтирди.
Халқ таълими соҳасида Наманган вилояти Республикада 1-ўринни қўлга киритган бўлса, Уйчи тумани вилоятда фахрли 3-ўринни эгаллади. Ўзбекистон Республикаси умумтаълим муассасаларининг миллий рейтингига юқори ўринларни эгаллаган ТОП 20 та мактаблар орасида Наманган вилоятидан тўртта мактаб кирган бўлса, шундан биттаси Уйчи туманидан – 9-ўринда Маҳкамжон Турсунов раҳбарлигидаги 23-мактаб жамоаси эканлиги, албатта, қувонарлидир. Ёки 2018-2019 ўқув йили якуний таҳлилларига кўра, туманимиз мактаблари рейтингида 11-мактаб (директори Аъзамжон Мўйдинов) биринчи, 5-мактаб (директори Музаффар Мўминов) иккинчи, 6-мактаб (директори Саидахон Аҳмадалиева) учинчи ўринларда бўлиб, юқори натижаларга эришдилар.
«Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» кўрик-танловининг республика босқичида 10-мактабнинг физика фани ўқитувчиси Акрамжон Абдубаннанов ҳамда «Йилнинг энг яхши дарс ишланмаси» Республика кўрик-танловида 3-мактабнинг рус тили фани ўқитувчиси Зулхумор Исақжанова 3-ўринларни эгаллашди.
Белбоғли кураш бўйича Россияда ўтказилган жаҳон чемпионатида 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчиси, 8-мактаб ўқувчиси Зебо Носирова жаҳон чемпиони бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилган жаҳон чемпионатида Моҳигул Иброҳимова 1-ўринни қўлга киритди.
Мактабгача таълим соҳасини оладиган бўлсак, туман мактабгача таълим бўлими ҳам вилоятда фахрли учинчи ўринда эканлиги қувонарлидир. Ёки «Йилнинг энг яхши тарбиячиси» касбий кўрик-танловининг вилоят босқичида 30-сонли МТТ тарбиячиси Муҳайё Умарова «Йилнинг энг яхши методист-тарбиячиси», 23-сонли МТТ тарбиячиси Малика Маъмурова «Йилнинг энг яхши ижодкор тарбиячиси» деб топилдилар. Малика Маъмурова олий таълимга имтиёзли равишда ўқишга кириш шарафига мушарраф бўлди.
Тумандаги мактабгача таълим ташкилотлари рейтингида 33-сонли МТТ (директори Ҳабиба Бекмирзаева) биринчи, 17-сонли мактабгача таълим ташкилоти (директори Мўътабар Эргашева) иккинчи, 8-сонли МТТ (директори Шоира Эгамбердиева) учинчи ўринларни банд этишди. Тумандаги оилавий мактабгача таълим ташкилотлари ҳақида сўз кетганда, тадбиркорлар Муҳайё Раҳмонова, Гўзалхон Жўраева, Равшанбек Сатторовлар раҳбарлигидаги «Муслимабегим», «Илк қадам», «Ором» каби муассасалар фаолияти ҳар жиҳатдан ибратли, десак, асло янглишмаймиз.
Тадбир давомида туман мактабгача таълим бўлимига вилоят ҳокимининг совғаси – «Спарк» автомобилининг калити топширилди. 1-БЎСМ директори Акмал Маҳкамовга «Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси» кўкрак нишони тақдим қилинди.
Шодиёнада ЎзХДП туман кенгаши раиси Акрамжон Абдуғаппоров сўзга чиқди ва бир гуруҳ партия фаолларини рағбатлантирди.
Тантанада Ўзбекистон халқ ҳофизи Илҳом Иброҳимов ҳамда туман маданият бўлимининг «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли санъаткорлари маданий хизмат кўрсатдилар.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

