САФДОШЛАР ДИЙДОРЛАШИШДИ
Туманимиздаги 23-мактабда бугунги кунда 926 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларга 60 нафардан зиёд тажрибали ва ёш педагоглар таълим-тарбия бермоқдалар. Ўтган ўқув йили якун-ларига кўра, бу даргоҳ Республика таълим инспекциясининг таълим сифати мониторинги натижаларига асосан энг юқори йигирматаликда 9-ўринни банд этди.
Бу ерда йиллар оша давом этиб келаётган кўплаб анъаналар мавжуд. Шулардан бири ҳар йили «Ўқитувчи ва мураббийлар куни»да мактабда самарали меҳнат қилиб, кексалик гаштини сураётган тажрибали устозларни бир пиёла чойга таклиф этиш орқали уларнинг педагогик маҳоратларидан ёш ўқитувчиларни баҳраманд этиб бориш ҳамда устозларга иззат-икром кўрсатишликдир.
Бу йил ҳам шундай бўлди. Камтарона дастурхон атрофида мактаб ҳаётида сезиларли из қолдирган муҳтарам устозлар Абдусаттор Жаъфаров, Дадахон Ниёзов, Абдулазиз Баҳриддинов, Камолиддин ҳожи Жаъфаров, Бекмирза ҳожи Турсунов, Абдулбоқи ҳожи Азизов, Абдураҳмон Абдунабиев, Муҳаммаджон ҳожи Нишонов, Каримжон Иброҳимов, Носиржон Абдулазизов, Мавлудахон ҳожи она Каримова, Назирахон Холбоева, Гулсанам Мамажонова, Ҳамидахон Тўраева ва бошқалар жам бўлдилар. Ўзаро суҳбат чоғида мактабда муқаддам амалга оширилган ибратли ишлар, таълим-тарбиянинг нозик қирралари, марҳум устозларнинг одамийликлари ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Мактабнинг истеъдодли ўқувчилари анжуман иштирокчиларини ўзларининг шеър, қўшиқ, саҳна кўринишлари билан хушнуд этдилар.
Ўринбой МЎМИНОВ.

