ТОЖИКИСТОНЛИК ТАДБИРКОР АЁЛЛАР ТАШРИФИ

БМТнинг Ўзбекистондаги 2019 йил тараққиёт дастурига асосан Тожикистон бизнес ассоциацияси ва жамоат ташкилотларининг вакилалари бўлган бир гуруҳ аёл тадбиркорлар вилоятимизга ташриф буюришди.

7-9 октябрь кунларига режалаштирилган ташриф доирасида 9 октябрь куни улар туманимизда бўлишди. Хусусан, Моҳидил Исоқова раҳбарлигидаги «АS MUS TEKSTIL» корхонаси, тадбиркор Адиба Ҳожимирзаева раҳбарлигидаги «Шаҳноз мастер класс» корхонаси, Барнохон Мирзамова бошчилигидаги «Уйчи обод замини» фермер хўжалигида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, тикувчилик, асаларичилик, топинамбур цехи маҳсулотлари кўргазмаси билан яқиндан танишдилар.

-Мазкур учрашувдан кўзланган мақсад аёллар ишбилармонлигини қўллаб-қувватлаш ҳамда компаниялар, фермер хўжаликлари ўртасида аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасидаги хизматларни ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш, бўш иш ўринларини яратишдан иборатдир, -дейди туман ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Раънохон Назарова. -Меҳмонлар тадбиркор аёлларимиз томонидан олиб борилаётган фаолиятга юқори баҳо бериб, жуда катта таассуротлар билан қайтишаётганини айтишди.

Меҳмонларни кутиб олиш жараёнида туман маданият бўлимининг «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли, «Уйчи тонги» фольклор халқ ҳаваскорлик жамоаси хонандалари, «Бойчечак» болалар, «Парвоз» ўсмирлар жамоалари, 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби истеъдодли ўқувчиларининг ўзбек ва тожик тилларида куйлаган қўшиқлари барчани рақсга чорлаб, кўтаринки кайфият бағишлади.

Меҳмонларга туман ҳокими М.Апақов ҳамроҳлик қилди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.