УЮШҚОҚЛИКДА ЎТДИ

«Кексалар ҳафталиги» доирасида туман маҳаллалар кенгаши ҳамда Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлими, туман хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан «Нуронийлар ёшлар нигоҳида» мавзусида фахрийлар билан учрашувлар ташкил этилди.

Мустақиллик, Ҳожиобод, Муборак, Истиқлол, Тошлоқ МФЙлари ҳамкорлигидаги учрашувлар 5, 8, 10, 29, 38-мактабларда юксак уюшқоқликда ўтди. Уларга меҳнат фахрийлари, кексалар, устозлар таклиф қилинди. Учрашув давомида улар меҳнат фаолиятлари, касблари ҳақида сўзлаб беришди, илм олиш, касб-ҳунар эгаллаш бўйича мулоҳазалар билдирдилар.

Ҳафталик режасига кўра, 5 октябрь куни туман марказидаги «Пахтакор» ўйингоҳида БТПЖ туман бўлими, туман маданият бўлими билан ҳамкорликда пенсияга чиққан 20 нафар фахрийга пенсия гувоҳномаси топшириш маросими ўтказилди. Шунингдек, «Ҳар куни беш минг қадам» шиори остида кекса ва фахрийлар ҳамда ёшларнинг 2,5 км. масофага пиёда юриши ташкил этилди. Маросимда туман ҳокимининг ўринбосари Раънохон Назарова, Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Тоҳиржон Исматиллаевлар сўзга чиқишди.

«Шуҳрат» медали соҳибаси, «Халқ таълими аълочиси», туман Кенгаши депутати, 2-мактаб директори Насибахон Собирова шу кунларда ўзининг қутлуғ ёшини қарши олди. Унинг хонадонида бўлиб ўтган юбилей тадбирида самимий тилаклар билдирилиб, Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлимининг «Ташаккурномаси», пенсия гувоҳномаси, туман маҳаллалар кенгаши ҳамда туман хотин-қизлар қўмитаси, таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман кенгашининг «Табрикномаси», эсдалик совғалари топширилди.

Умиджон СУЛТОНОВ.