ҲАМҚИШЛОҚ ОЛИМА МАКТАБДА
Истиқлол шарофати ила ҳар жиҳатдан юксалаётган юртимиздан кўплаб иқтидор эгалари етишиб чиқаётганлиги боис биз, ўзбекларни дунё янада кенгроқ танимоқда. Кейинги йилларда туманимиз мактабларида таҳсил олиб, олийгоҳларни тамомлаб, вилоят, республика, минтақа миқёсида танилаётган Уйчимиз фарзандлари сони ортиб бормоқда.
Яқинда 33-мактабнинг собиқ ўқувчиси, бугунги кунда элга таниқли олима Мунира Қаҳҳорова жонажон мактабига ташриф буюрди. Наманган давлат университетида ҳуқуқшунослик йўналишида ўқиб, педагогик фаолият олиб борган Мунира 2004 йилдан Республика маънавият ва маърифат марказида ишлай бошлади. Иш жараёнида имкон топиб, илмий изланишлар олиб борди ва «Ҳуқуқ фанининг устувор йўналишлари» мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Илмий изланишлар самараси ўлароқ «Ҳуқуқ фалсафасининг илмий-методологик масалалари», «Бешта муҳим ташаббус – эртамиз эгалари истиқболи йўлида», «Ёшларда фуқаролик позициясини шакллантириш ва уларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишнинг устувор йўналишлари», «Ижтимоий маконда ахборотдан фойдаланиш маданияти», «Оила маданияти ва уни ривожлантиришнинг маърифий жиҳатлари» номли давримиз учун ғоят долзарб илмий-услубий қўлланмалар яратди.
Учрашув жараёнида олима ўқувчиларга билимлар асосларини чуқур эгаллаш, маънавият қирраларини ўзлаштириб бориш, миллий қадриятларга эҳтиром, Ватанга муҳаббат руҳида тарбия топиш, бунинг учун фаол китобхон бўлиш ҳақида маслаҳатлар берди.
Учрашув ниҳоясида М.Қаҳҳорова тадбир фаоллари ва мактаб кутубхонасига 275 нусха ўз асарлари ва бадиий китоблар туҳфа этди.
Ҳуснида ҒАФФОРОВА,
20-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси.

