САНОАТБОП НАВ

«Қашқалдоқ Беруний» СИУ ҳудудидаги Жаҳонгир Солихонов раҳбарлигидаги «Шодиябону нур файз» фермер хўжалиги азаматлари жорий йилда 40 гектар майдонда «Жондор қудрати» навини парваришлашди ва мўл ҳосил яратишди. Улар 40 ўрнига 45 центнердан ҳосил олиб, 160 тонналик хирмон яратишни кўзлашган.

-«Жондор қудрати» нави саноатбоп, тола тўртинчи типга мансуб бўлиб, пахта хом ашёсидан 41 фоизгача тола олиниши мумкин, -дейди «Шодиябону нур файз» фермер хўжалиги асосчиларидан Собиржон Солихонов. -Яна бир муҳим жиҳати, териш учун ҳам қулай. Чаноқдаги ҳосил бир мартада олинади. 40 гектар майдон қирқ нафар пудратчи ихтиёрида. Пудратчи Ширмоной Усмонова турмуш ўртоғи Ҳусанбой Усмонов билан ихтиёридаги 1,6 гектар майдондан 45 центнердан ҳосил олди. Муборак Маматхонова, Зебо Исоқова, Розия Воҳидова, Муҳтарам Шарипова, Шоира Қаюмова, Азиза Мўминова каби пудратчилар ҳам 40 центнерлик маррани эгаллашди. Энди улар 45 центнерга етказиш ҳаракатидалар.

Тўлиқ уруғлик пахта тайёрлаётган жамоа лафзи ҳалолларининг ниятлари улуғ – ушбу навдан юқори ҳосил олинишини амалда намоён қилиб, келгуси йилдан уни кенг жорий этилишига эришиш.