ТАРАҚҚИЁТНИ ТЎСУВЧИ УНСУР

Порахўрлик иллати бундан бир неча минг йиллар аввал, кишилик жамияти таркиб топган илк даврлардан пайдо бўлган, аниқроғи, ўйлаб топилган. Бугун инсон тараққиётнинг энг юқори чўққисига қадар кўтарилди. Кашфиётларни санаб, адоғига, ўйлаб, хаёлингга етолмайсан, киши. Барча эзгуликлар инсон манфаатлари учун қаратилган замонавий жамиятда порахўрликни таг томири билан қуритадиган бирорта механизм кашф этилмагани ҳайратланарли. Бу иллатнинг нақадар жирканчли, инсон манфаатлари, жамият тараққиётига қанчалар зид эканини тушуниб етган ҳолда ҳаётимизни ундан холи қуришга йўл топиш масаласи мушкуллигича қолмоқда.

Порахўрлик коррупциянинг энг йирик ва кенг тарқалган кўриниши ҳисобланади. Шу боис ҳар қандай демократик жамият йўлидан бораётган мамлакат учун бу мутлақо ёт тушунча саналади. Айрим давлатларда порахўрлик учун жазо шаклининг оғирлаштирилганлиги ҳам у жамият учун нақадар хатарли куч эканидан далолат.

Юртимизда ҳам порахўрликка қарши курашга жиддий киришилган. Амалдаги қонунларимизга мувофиқ, пора олган ҳам, берган ҳам бирдай жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланган.

Умуман, жамиятда шундай унсурлар бўладики, уларга қарши курашишда барчанинг иштироки муҳимдир. Жумладан, порахўрликни тугатишда ҳам ҳар бир юртдошимизнинг салмоқли улуши бор. Унутманг, бир мақсад сари бирлашган халқ ҳар қандай хавф-хатарни ҳам, ёвни ҳам енгишга қодир.

И.ХОДЖИМИРЗАЕВ,

МИБ Наманган вилоят бошқармаси ички хавфсизлик шўъбаси катта инспектори.