УСТА ОТА

Уйчи туманининг янгидан чирой очаётган Бирлашган қишлоғига бориб, Аҳмадали ота Ёқубжоновни сўраймиз. Катта-ю кичик: «Уста отами?» -дейишади. У киши тўғрисида ҳурмат билан сўз очадилар. Бунинг боиси бор. Аҳмадали ота ёшлигидан бинокор-қурувчи бўлишни орзу қиларди, лойдан уйлар ясаб юрган кезларини эслаб жилмаяди. Яхши орзу уни 1967 йил Андижон қурилиш техникумига етаклади. Ўқишни тамомлаб, тумандаги хўжаликлараро қурилиш-таъмирлаш ташкилотида прораб вазифасида узоқ йиллар фаолият кўрсатди. Жамоа хўжаликлари шийпонлари, фермалари, мактаблар, клублар, боғчалар биноларини таъмирлаш, қўшимча бинолар қуриш каби эзгу ишлар билан шуғулланди. Бунёдкорлик ишлари билан бирга, жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этди. Олти марта туман Кенгаши  депутатлигига сайланиб, халқ орзу-истакларини бажаришда, ўн йил туман халқ судида маслаҳатчи бўлиб, адолатни қарор топтиришда бош-қош бўлди. Бинокорлик соҳасида уч нафар фарзандига ва кўплаб қурувчиларга устозлик қилди. Турмуш ўртоғи Ҳалимахон билан тинч-тотув, бахтли-саодатли оила барпо этиб, уч ўғил, уч қизни эл-юртга камарбаста қилиб, вояга етказди. Улар бугунги дориломон давримизда юрт ободлиги, эл фаровонлиги йўлида фидокорона меҳнат қилмоқдалар.

-Ёқуббоевлар оиласи – маҳалламиз фахри, -дейди Кесканёр МФЙ раиси Илҳомжон Сотиболдиев. -Уста ота бизнинг яхши маслаҳатгўйимиз. Маҳалламизда ҳар йили ўтадиган «Осуда ва озода оила» кўрик-танловида бу оила бир неча марта ғолиб чиққан.

Ҳа, азиз юртдошлар, «Шундай яшар, одатда, одам», -деган гап айнан Аҳмадали акага ўхшаганлар учун айтилгандек. Уста отанинг фаолияти бошдан-оёқ солиҳ, эзгу, савобли ишлардан иборатлиги боис ўзлари ҳам барча орзу-умидларига етганлар, орбў-эътибор, бахт-иқбол топганлар. Жамиятимизда уларнинг издошлари кўпаяверсин.

Пардабой ЭРГАШЕВ,

Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг фахрий мухбири.