ЧОРАСИЗ ҚОЛГАН БАНГИ
Инсон бошига балолар ёғдирадиган офатлардан бири гиёҳвандликдир. Жамиятимизда унга қарши аёвсиз кураш олиб борилишига қарамай, унинг домига тушиб, қонунга хилоф равишда заҳри қотилни истеъмол қилувчилар, унинг олди-сотдисига қўл урувчилар, афсуски, учраб туради. Бироқ, «Бузоқнинг югургани сомонхонагача», -деганларидек, тобора бундай жиноятчиларнинг сафи торайиб бормоқда.
Косонсойлик Ж.Р. ўз яшаш хонадонида «марихуана» гиёҳвандлик моддасини сақлашни одат қилди. Ўзича хуфиёна тарзда олиб борган бу қилмиши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари томонидан тез орада фош этилди. Ж.Р. хонадонида ўтказилган махсус рейд давомида омборхона, айвон ва тандирхонадаги газ қувури ичидан целлофан пакетларга жойланган бир неча ўрамдаги жами 34,1 грамм бўлган гиёҳвандлик моддаси топилди. Айбланувчи ўз айбига тўлиқ иқрорлигини билдириб, тегишли кўргазма беришдан бошқа чораси қолмади. Энди у ўз қилмиши учун қонун олдида жавоб беради.
М.МУСЛИМОВ,
Косонсой туман ИИБ ҳузуридаги ТБ катта терговчиси, катта лейтенант.

