ЁШ РАССОМНИНГ ЮТУҒИ

Ҳуснида Толибжонова туманимиздаги 2-мактабнинг 10-синфида ўқийди. У яқинда ташкил этилган «Зулфия» номидаги давлат мукофоти кўрик-танловининг туман босқичида муваффақиятли иштирок этиб, ранг тасвир йўналишида ғолибликни эгаллади ва вилоят босқичига йўлланма олди.

Ҳуснидада рассомликка қизиқиш 7 ёшлигидан юзага чиққан. У бугунги кунгача «Юксак маънавиятли авлод», «Камалак юлдузлари», «Конституция  билимдонлари» кўрик-танловларида ғолибликни эгаллаб, Республика «Ёшлар маркази» вилоят бўлинмаси, туман хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят, туман кенгашлари, «Баркамол авлод» болалар ижодиёт марказининг фахрий ёрлиқ, диплом ва ташаккурномалари билан тақдирланган.

Мактаб директори, туман Кенгаши депутати Насибахон Собирова истеъдодли ўқувчи ҳақида шундай деди: «Ҳуснидада ноёб иқтидор бор. Уни вақтида пайқаб, кашф этган отаси Улуғбек, онаси Холида, тасвирий санъат фани ўқитувчиси Гулбаҳор Қирғизоваларга алоҳида миннатдорчилик билдирамиз».

Наргиза РАҲМАТОВА,

мактаб ўқитувчиси.